Вазирлик ва ҳокимликлар «яшил рейтинг» орқали баҳоланади
Янги тартибга кўра, вазирлик ва ҳокимликлар ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда экологик ташаббуслари бўйича махсус «яшил рейтинг» орқали баҳоланади.
© Ekologiya vazirligiЎзбекистонда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг экологик самарадорлигини баҳолашга қаратилган янги тизим жорий этилиши мумкин. Бу Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамага қўйилган қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлигини таъминлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги натижалари асосида махсус «яшил рейтинг» бўйича баҳоланади.
Тизимни юритиш вазифаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига юклатилиши режалаштирилган. Баҳолаш натижалари ҳар йили қўмитанинг расмий веб-сайти ҳамда greencities.uz электрон платформасида эълон қилиб борилади.
«Яшил офис» тамойили
Лойиҳада давлат идораларида «яшил офис» тамойилларини кенг жорий этиш кўзда тутилган. Жумладан, қоғоз сарфини қисқартириш, электрон ҳужжат айланмасини кенгайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, чиқиндиларни саралаш ҳамда сув ва энергияни тежовчи технологияларни қўллаш бўйича чоралар белгиланмоқда.
Шунингдек, экологик ташаббусларда фаол қатнашган ходимларни рағбатлантириш, экологик кўрсаткичларни ташкилотлар самарадорлигини баҳолаш мезонларига киритиш ва ҳар йиллик «яшил ҳисобот» тайёрлаш таклиф қилинган.
Баҳолаш мезонлари
Қарор лойиҳасига мувофиқ, давлат органларининг экологик самарадорлиги бир нечта асосий йўналиш бўйича баҳоланади:
Табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги,
Сув ва энергия тежамкорлиги,
Чиқиндиларни бошқариш,
«Яшил иқтисодиёт» тамойилларини жорий этиш,
Экологик тарғибот ишлари ва рақамли технологиялардан фойдаланиш киради.
Рейтинг якунларига кўра давлат ташкилотлари юқори, ўртача ва паст самарадорлик тоифаларига ажратилади. Ташаббус давлат идораларида экологик масъулиятни кучайтириш ва барқарор ривожланиш тамойилларини кенг татбиқ этишга хизмат қилиши кутилмоқда.





