add

Бухоронинг 226 млн долларлик янги «дарвозаси», ошган ер солиғи ва Мубашшир Аҳмаднинг қамоқдаги аҳволи — 9 январ дайжести

09.01.2026 | 22:283 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Бухоронинг 226 млн долларлик янги «дарвозаси», ошган ер солиғи ва Мубашшир Аҳмаднинг қамоқдаги аҳволи — 9 январ дайжести

«Ўққувур», «дубулға», «жамлоқ»: Ўзбекистон армиясида айрим русча иборалар ўзбек тилига ўгирилди

Ўзбекистон мудофаа соҳасида русча ҳарбий атамалардан босқичма-босқич воз кечиб, уларни миллий терминларга алмаштириш жараёнини бошлади. Терминология комиссияси томонидан тақдим этилган илк 41 та атама орасида «ўққувур» (ствол), «дубулға» (каска), «жамлоқ» (лагер) ва «зирҳнимча» (бронежилет) каби сўзлар бор. Шунингдек, тарихий меросга таяниб, «фуражка» ўрнига «бўрк», «патруль» ўрнига эса «эровул» сўзларини қайта тиклаш таклиф этилмоқда.

Бу ислоҳот ҳарбий тилни замонавий ўзбек тили меъёрларига мослаштириш ва армияда миллий ўзликни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Ҳатто «ДОТ» каби техник қисқартмалар учун ҳам «УММОН» (узоқ муддатга мўлжалланган отиш нуқтаси) каби ўзбекча муқобиллар ишлаб чиқилди. Мутахассислар ушбу ўзгаришлар 2026–2030 йилларга мўлжалланган стратегия доирасида ҳарбий бошқарувни янада тушунарли қилишини таъкидлашмоқда. Таклиф этилаётган атамалар орасида ҳам қадимий туркий илдизга эга сўзлар, ҳам янги ўзбекча яратмалар мавжуд.

«Турсуновнинг тиббий хизмат ва кўриклардан шикояти йўқ» – Омбудсман

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Навоийдаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясида бўлиб, маҳкум Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) билан холи тарзда суҳбатлашди. Аввалроқ адвокатлар томонидан берилган хавотирли баёнотларга зид равишда, Омбудсман маҳкумнинг тиббий хизмат ва яшаш шароитлари бўйича ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилди.

Текширув давомида Алишер Турсунов мунтазам тиббий кўрикдан ўтаётганини, касаллиги сабабли зарур ёрдам олаётганини ҳамда ғишт заводида эмас, балки ўз хоҳиши билан ошхона ишларига жалб этилганини билдирган. Шунингдек, у қонунда белгиланган вақтдан ташқари меҳнатга мажбурланмаётганини таъкидлаган. Омбудсман вакилининг сўзларига кўра, 2025 йил охирида ўтказилган аввалги мониторингларда ҳам маҳкум томонидан шикоятлар келиб тушмаган.

Олий таълим вазири 10 та олийгоҳда икки йил давомида коррупция аниқланмаганини айтди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповнинг маълум қилишича, аввал коррупцияга қарши кураш бўйича рейтинги паст бўлган 10 та олийгоҳда 2024–2025 йиллар давомида бирорта ҳам коррупциявий жиноят қайд этилмаган. Вазирнинг сўзларига кўра, ишлаб чиқилган махсус чора-тадбирлар режаси натижасида ушбу таълим муассасалари «қониқарсиз» тоифадан «яхши» тоифага ўтган.

Жиноятлар аниқланмаган олийгоҳлар рўйхатидан Тошкент давлат стоматология институти, ТАТУ ва ТДТУ филиаллари каби муассасалар жой олган. Эндиликда вазирлик тизимдаги шаффофликни янада ошириш учун коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини баҳолайдиган ягона рақамли платформа яратиш устида ишламоқда.

1 январдан Ўзбекистонда ер солиғи ставкалари ошди

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкалари ўртача 7 фоизга оширилди. Янги тартибга кўра, шаҳарлар ва саноат ҳудудларидаги ерлар учун солиқ юкламаси ортади, ставкаларни белгилашда эса маҳаллий Кенгашларга (0,5 дан 1,2 гача коэффициент доирасида) ваколат берилди.

Инфратузилма объектлари (алоқа, темир йўл, газ қувурлари ва б.) учун коэффициент 0,45 дан 0,48 га кўтарилди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ерлари ва иссиқхоналар учун солиқ ставкаси ўзгаришсиз — меъёрий қийматнинг 0,95 фоизи миқдорида қолдирилди. Муҳим янгилик: энди юридик шахслар учун солиқ ҳисоботлари солиқ органлари томонидан проактив (автоматик) тайёрланади.

Бухоро вилоятидаги янги аэропорт 2027 йил бошида ишга тушади

Бухоро вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида қурилаётган янги халқаро аэропорт 2027 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилади. Қиймати 226 млн доллар бўлган ушбу лойиҳа йилига 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу амалдаги аэропорт қувватидан уч баравар кўп демакдир.

Янги мажмуа шаҳардан 26 км узоқликда, 377,7 гектар майдонда барпо этилмоқда. У 3,3 км узунликдаги учиш-қўниш йўлаги ва 20 та самолёт тураргоҳига эга бўлиб, барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қила олади. Лойиҳа доирасида аэропортга олиб борувчи 29 кмлик янги автомобил йўли ҳам қурилмоқда. Бу чоралар 2030 йилгача Бухорога келувчи туристлар сонини йилига 8 млн нафарга етказиш режасининг муҳим бўғини ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid