
“Бой ва камбағаллар мактаби ёнма-ён бўладими?” — одамлар мактаб ҳудудидаги қурилишдан норози
Тармоқларда пойтахтнинг Юнусобод тумани 17 мавзедаги 122 сонли умумтаълим мактабининг спорт майдонида қўшимча бино қурилади мазмунидаги хабарлар тарқалиб, кўплаб мунозаларга сабаб бўлмоқда. Vaqt.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида мазкур ҳудудда бўлиб, маҳаллий аҳоли ва мутасаддилар билан суҳбатлашди.
Одамларнинг айтишича, қариялар эрта тонгдан мактаб спорт майдонига келиб, сайр қилишади, тоза ҳаводан нафас олишади. Майдон доим болалар билан гавжум бўлган. Шу сабабли, улар мавзенинг ягона очиқ майдони бўлмиш, ҳозир ўраб қўйилган бу ҳудуддаги қурилишга қарши бўляпти.
Қадрдон маҳалласидаги спорт майдони ёнидаги кўп қаватли уйда яшовчи Мақсуджон Ашуров ўраб олинган ер мавзедаги ягона очиқ майдонлигини таъкидлайди.
“Чиқиб дам олгани битта шу жой бор эди. Сал тинчроқ деб болаларимни ўзимни мана шу ерда жиянимни ҳам, болаларимни ҳам велик учишга мана шу ерда ўргатганман. Тўғрисини айтганда, олдин мана шу участкалар ҳам бўлмасди. Битта мана шу жой қолди, салқин, сўлим бўлиб турарди, тўғриси, сал ялангли бўлгани учун. Энди шу жойни ҳам билмайман, кўп кўришяпти шекилли. Ҳеч кимга ҳеч нарса дейишмасдан, бошқа қилмасдан мана ўраб олишди. Энди сўрасак, ҳеч ким билмайди. Халққа тегишли жой. Менимча, у ўзидан ўзи олиб, бериб, кимларгадир анави қилиб, совға қиладиган ё хоҳлаган қурилишини қиладиган жойга ўхшамайди, бўлиши керак ҳам эмас. Бу қурилиш тўхтатилиши керак. Нимага? Чунки қўшни кварталларда ҳам жой йўқ. Ўша ердаги одамлар ҳам шу ерга келади, нафас олгани. Ўзи кўряпсиз экологиянинг аҳволини. Масалан, кимдир юраги хастаси бор, ўпкасида муаммоси бор. Чиқиб, кундузи, кечқурунми чиқиб айлангиси келади, юргиси келади, зарур уларга. Қаерда юради улар энди? Машиналарни чиқаётган тутунидан нафас оладими?”, дейди Мадсуджон Ашуров.
Мактабнинг 5 минг кв. метр ер майдони ўтган йилнинг ноябр ойида тунука тўсиқ билан ўраб олинган. Қирқ йилдан бери шу ерда яшовчи Олга Степанованинг айтишича, ҳудудда одамларнинг сайр қиладиган жойи деярли қолмаган.
“Қандай асосга кўра хусусий компания бу ҳудудни эгаллаб олди? Чунки кадастр бўйича бу ҳудуд мактабга тегишли. Уни сотишлари учун бу ҳудудни ким давлат тасарруфидан чиқарган? Ҳудуд давлат тасарруфидан чиқарилмасдан туриб, хусусий шахслар уни сотиб ололмасди. Бу ерда болаларимиз ҳам, қарияларимиз ҳам сайр қилади. Бу ўн еттинчи мавзеда одамлар учун, айнан одамлар учун мўлжалланган ягона жой эди. Қариялар шу пайтгача сайр қилиб юришарди. Мана, қаранг, бу ерда 28 та кўп қаватли уй бор. Хўш, кампир-чоллар қаерда сайр қилади? Айтинг-чи, шу битта-ю битта жойимиз эди. Ўриндиқлар бўларди, бу ерда ўтиришнинг гашти бошқа эди, кечқурун ҳам чиқса бўларди. Нима учун одамлар учун ҳеч нарса қилинмаяпти? Ҳамма нарса хусусий боғчалар учун қилиняпти. ... мана, йўлнинг нариги тарафида хусусий мактаб бор. Бу давлат мактабининг ўзи етади, болалар бир “смена”да ўқийди. Агар керак бўлса, болалар кўпайса, икки “смена” ҳам бўлади. Болалар қаерда сайр қилади? Одамлар қаерда сайр қилади, айтинг-чи?”, дейди шу ерда 40 йилдан бери яшовчи Олга Степанова.
Яна бир фуқаро атрофдаги бинолар бир-бирига жуда яқин қурилаётганидан норозилигини билдирди.
“Биз бу жойга фарзандларим билан, ўзимиз дам олишга, спорт машғулотлари билан шуғулланишга чиқиб турардик. Энди эшитишимизча, бу жойга хусусий мактаб, боғча қуриляпти экан. Хусусий мактаб, хусусий боғча қурилгани яхши, лекин бу жойда 17 мингдан ортиқ аҳоли турамиз. Биз учун бу жойда тоза ҳаволи, табиат қўйнида айланадиган бошқа ҳудуд йўқ. Тобора аҳоли кўпайиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, яна ҳам аҳоли кўпайган сари жойлар қисқариб боради. Шунинг учун биз, маҳалламиз, бу жойда қурилиш қилишига қаршимиз. Мактабга ёпишган ҳолатда қурилиш қилиш ҳар томонлама қонунга ҳам зид деб ўйлаймиз.
Бу ҳудудда ўзи усиз ҳам бинолар бир-бирига жуда ҳам яқин қилиб қурилган. Агар бу жойда хусусий мактаб қуриладиган бўлса, яна ҳам бинолар зич бўлиши оқибатида очиқ майдонлар етишмаслиги яна ҳам ошиб кетади. Очиқ майдонлар умуман етишмай қолади. Қадрдон, Беғубор каби аҳоли зич жойлашган маҳаллаларда ҳеч қайси бирида бунақа очиқ майдон йўқ. Стадиондан бу мактаб стадиони эмас, балки мана шу ерда яшаётган бутун маҳалланинг кўнгилочар майдони сифатида неча йилдан бери фойдаланиб келяпмиз”, дейди Аробжон Жўрабоев.
Стадионнинг ёнидаги уйда яшовчи Елена Янг спорт майдонида эрта тонгдан то кечгача кексалар набиралари, эваралари билан сайр қилиши, болалар спорт билан шуғулланишини айтади.
“Бошқа мавзеларда бунақа яшил ҳудуд ҳам, одамлар бемалол келиб спорт билан шуғулланадиган, сайр қиладиган стадиони ҳам йўқ. Тушуняпсизми? Мен порталга ариза, мурожаат ёзганман. У ердан менинг мурожаатимни туман прокуратурасига туширишди ва шу билан иш ёпилди. Архитектура ва қурилиш бошқармасидан ҳам телефон қилишди: “Сиз фалончи-фалончимисиз, ариза берганмидингиз?” Мен: “Ҳа”, дедим. Бўлди, биз сизга 26 ноябргача жавоб берамиз, дейишди. Шу билан тамом. Уларнинг жавобини кутмадим ва 1 декабрь куни Бош прокуратурага мурожаат йўлладим. Ва яна жимжитлик. Мана, бир ойдан ошди, ҳеч кимдан ҳеч қандай жавоб олганим йўқ. Биз, шу маҳалла аҳли, бу ерда қандайдир қурилиш бўлишига ва бу стадионнинг кимларгадир берилишига ёки сотилишига қаршимиз. Нима бўлаётганини билмайман. Шунчаки бизга буларнинг бари нима учун кераклигини тушунтириб беришсин. Бу нарсалар нима учун ва кимга керак? Масалан, бизга бу қурилишнинг умуман кераги йўқ. Деразаларимиз тагида қурилиш кетса, биз бу чангдан нафас оламизми? Нега энди биз, кексалар, болалар, нафақахўрлар шу ифлос ҳаводан нафас олишимиз керак? Қандайдир “Orient Penthouse” деган ташкилот. Ҳужжатларга кўра, уларнинг ушбу объектни қуриш бўйича шартнома муддати ўтган йилнинг 8-майида тугаган. Улар эса бу ҳудудни жорий йилнинг ноябрь ойида профнастил билан ўраб олишди. Бу шуни англатадики, улар барча қонунларни бузиб, бу ҳудудни ноқонуний эгаллаб олишган. Улар ҳозир фойдаланаётган муддати ўтган шартномани эмас, балки бугунги кунда амалда бўлган ҳақиқий ҳужжатларни, шартномани кўрсатишсин”, дейди Елена Янг.
Қадрдон маҳалласидаги 10 кўп қаватли уйда яшовчи Лола Султоновага кўра, хусусий мактаб қурлилишига ҳожат йўқ, чунки спорт майдони атрофида бошқа мактаб ва боғчалар кўп.
“Бизнинг атрофимизда, ёнимизда мактаб-боғча бор. Орқамизда мактаб бор, ён тарафда мактаб бор, яна иккита боғча бор. Шунинг атрофида ўтадиган машиналарнинг ўзи етиб ортади. Юришга жой йўқ. Машиналарни қўйиб ташлашади бизнинг домимиз олдига, нафас олиб бўлмайди. Юрадиган биттагина жойимиз мана шу мактаб эди. Мактаб ичида юриб, эрталаб вақтли чиқиб, соат 5 да бомдоддан кейин айланиб, кечқурун чиқиб, болаларни айлантириб, қариялар ўтириб, ёзларда шу ерда юрар эдик. Мана буни ҳам ўраб олишибди. Ёнида давлат мактаби, бу тарафида “элитний” мактаб бўлар экан. “Элитний” мактабингиз бу нима, бой билан камбағалнинг мактабими? Бир тарафда камбағалнинг мактаби, бир тарафда бойларнинг мактаби бўлади.
Мактабда болалар учун жой кўп. Мактаб бир “смена”гина ишлайди. Икки “смена” қилса ҳам бўлади, бир ярим “смена” қилса ҳам бўлади. Мактабда бола етишмайди, кам ўқийдиганлар. Бир “смена”да ўқийди мактабда болалар”, дейди Лола Султанова.
Юнусобод туманининг 17 мавзесида яшовчи яна бир фуқаро Валентина Ким ҳам спорт майдони ўз ўрнида қолиши кераклигини айтади.
Аниқланишича, “Orient Penthouse” МЧЖ томонидан 122 сонли умумтаълим мактабининг бўш ер майдонида давлат-хусусий шериклик асосида 300 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 700 ўринли нодавлат умумтаълим мактабини қуриш бўйича ташаббус киритилган.
«Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг 17 моддасига биноан тўғридан-тўғри музокара ўтказилган ва 2024 йил 8 ноябрда битим имзоланган бўлиб, бугунги кунда Қадрдон маҳалласи ҳудудида мактабнинг бўш турган ер майдонида тегишли ташкилотлар томонидан қурилиш олиб бориш режалаштирилган.
Аҳолининг норозилигидан сўнг мактаб ҳудудидаги қурилиш бўйича мутасаддилар, қурувчи ва фуқаролар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Сухроббек Қирғизбоевнинг маълум қилишича, ҳозир туманда 43та умумтаълим мактаби бор. 41 минг нафар бола сиғимига мўлжалланган мактабларда 65 минг нафарга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда.
Маълум бўлишича, нодавлат таълим ташкилоти 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб фаолиятини йўлга қўйиши белгиланган. Учрашувда қурувчи фирма раҳбари ҳам тушунтириш бериб ўтди. Тадбиркор қурилиш учун керакли ҳамма ҳужжатлар борлигини маълум қилди.
Шундан кейин мутасадди, қурувчи ва фуқаролар ўртасида баҳс-мунозарали савол-жавоблар бошланди. Одамлар маҳалланинг спорт майдонини сақлаб қолиш учун Таълим вазирлиги ва қурувчи фирма ўртасидаги битим бекор қилинишини сўрашди.
Томонларнинг низоли ҳудуд масаласидаги учрашуви ҳеч қандай натижасиз якунланди. Томонлар келишувга эриша олмади. Давлат мактаби ичида хусусий мактаб қуриладими? Ёки аҳолининг фикри инобатга олиниб, вазирлик ва қурувчи ўртасидаги битим бекор бўладими? Буни вақт кўрсатади.
Қурувчи фирма раҳбари билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. Лекин унга ҳам минбар беришга тайёрмиз.
Бахтиёр Тўхтаев, журналист
Оператор: Мироқил Хайруллаев
Teglar






