
2025 йил давомида тез ёрдамга 14,3 миллионта чақирув келиб тушган
Ўзбекистонда бир йил ичида «103» хизматига 14,3 миллионга яқин мурожаат келиб тушиб, чақирувлар сони қарийб 6 фоизга ошган.
© Фото: t.me/ssvuz 2025 йил давомида Ўзбекистон бўйлаб «103» тез тиббий ёрдам хизматига жами 14 миллион 299 минг 948 та чақирув келиб тушди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 763,5 мингтага ёки тахминан 5,6 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, чақирувларнинг асосий қисми шошилинч ҳолатлар билан боғлиқ бўлган. Хусусан, 10 миллион 218 минг 37 та мурожаат зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилган. Бу аҳоли саломатлиги билан боғлиқ хавфли ҳолатлар ҳали ҳам юқори даражада эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, сурункали касалликлар билан боғлиқ чақирувлар ҳам салмоқли улушни ташкил этган. 2025 йилда бундай мурожаатлар сони 3 миллион 856 минг 901 тани ташкил қилди. Туғуруқлар билан боғлиқ чақириқлар эса 100 минг 453 тага тенг бўлган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳрида қайд этилган — 1 миллион 462 минг 6 та. Ундан кейин Фарғона, Андижон, Сурхондарё ва Наманган вилоятлари жой олган. Энг кам чақирувлар Навоий, Сирдарё, Жиззах, Бухоро ва Хоразм вилоятларида кузатилган.
Маълумот ўрнида, тез тиббий ёрдам хизматида электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилгандан сўнг бригадаларнинг чақирувга етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилдан «Online-шифокор» тизими йўлга қўйилиши ҳақида хабар бергандик. Яъни, тез тиббий ёрдам хизматида аҳоли учун онлайн шифокор маслаҳатлари тизими ишга туширилади.





