АҚШда Эрон билан уруш нефтдоллари эрасини тугатиши мумкин
Deutsche Bank таҳлилига кўра, Эрон билан можаро нефтдоллари ҳукмронлигига хотима ясайди. Дунё давлатлари нефт савдосида юанга ўтишни муҳокама қилмоқда.

Deutsche Bank» тадқиқот институтининг 2026-йил 24-мартдаги ҳисоботига кўра, Эрон билан бўлаётган можаро нефтдоллари тизими учун хотима бўлиши мумкин. Таҳлилчи Маллика Сачдеванинг таъкидлашича, 1974-йилда Саудия Арабистони ва Вашингтон ўртасида тузилган «хавфсизлик эвазига доллардаги нефт савдоси» келишуви ҳозирда очиқ синовдан ўтмоқда. АҚШнинг ҳарбий «соябони» Форс кўрфазидаги нефт инфратузилмасини ҳужумлардан ҳимоя қила олмай қолди.
Эрон айни дамда саккизта давлат билан Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиш эвазига нефт учун тўловни юанда амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Агар бу схема доимий тус олса, дунёда «нефтюани» эраси бошланиши мумкин.
«Бу можаро нефтедоллар ҳукмронлиги заифлашиши учун катализатор вазифасини ўтайди», — дейилади банк маърузасида.
Ҳозирда MENA (Яқин Шарқ ва Шимолий Африка) минтақасининг 8 трлн долларлик захиралари ички эҳтиёжларга йўналтирилиши доллар активларидан воз кечишни тезлаштиради.
Нефтдоллари учун асосий хавф
«Deutsche Bank» экспертларининг фикрича, энг катта хавф нафақат бошқа валютага ўтиш, балки дунёнинг қазиб олинувчи ёқилғидан бутунлай воз кечишидир. 1973-йилдаги эмбарго Ғарбни энергия диверсификациясига мажбур қилганидек, ҳозирги инқироз ҳам Европа ва Осиёни қайта тикланувчи ҳамда атом энергетикасига тезроқ ўтишга ундамоқда. Бу эса углеводородлар савдосига боғланган доллар талабини кескин камайтиради.
Хитой аллақачон қуёш панеллари ва литий аккумуляторлари бозорининг 70-80 фоизини эгаллаб, стратегик устунликка эришган. Агар дунё давлатлари энергия мустақиллигига эришса, глобал товар ва хизматлар нархини бошқа валюталарда белгилаш учун кенг имконият очилади. АҚШ ўзининг энергия мустақиллиги туфайли камроқ зарар кўрса-да, унинг валютаси дунё захираси сифатидаги мақомини йўқотиши мумкин.
Долларнинг истиқболдаги йўқотишлари
Қисқа муддатли истиқболда АҚШнинг энергия мустақиллиги долларга «хавфсиз гўша» мақомини берса-да, ҳарбий харажатларнинг ортиши бу устунликни йўққа чиқармоқда. Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари ўз миллий валюталарини ҳимоя қилиш учун АҚШ давлат облигацияларини оммавий сотишни бошлаган. Бу эса инқирознинг энг авж палласида ҳам доллар қадрининг сезиларли ошмаганида ўз аксини топди.
Узоқ муддатли оқибатлар янада жиддийроқ бўлади: мудофаа ва энергетикада ўз-ўзини таъминлашга интилувчи дунё энди камроқ доллар захирасига эҳтиёж сезади. Яқин Шарқнинг доллар мақоми учун стратегик ролини ҳисобга олсак, жорий можаро бутун нефтдоллари тизими учун энг оғир синовдир. Доллар эрасининг якуни иқтисодий харитани бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин.





