Logo

Банкларда ҳар 100 миллион сўмлик кредитнинг қарийб 4 миллион сўми муаммоли

Bugun 11:492 daqiqa

Июль ойида жами муаммоли кредитлар 23,9 трлн сўмга етган. Давлат улуши мавжуд банклар жами НПЛнинг 70 фоиздан ортиғини ташкил қилмоқда. NPL улуши энг юқори TBC банкда, энг йирик муаммоли кредит портфели эса Ўзмиллийбанкда қайд этилган.

Банкларда ҳар 100 миллион сўмлик кредитнинг қарийб 4 миллион сўми муаммоли

Ўзбекистонда тижорат банкларининг 2026 йил 1 август ҳолатига кўра кредит портфели 644,6 трлн сўмга етди. Шундан 23,9 трлн сўм қайтиши муаммоли бўлган кредитлар — NPL ҳисобига тўғри келади.

Бошқача айтганда, банклар мижозларга берган ҳар 100 млн сўм кредитнинг қарийб 3,7 млн сўми қайтиши муаммоли бўлмоқда.

Аммо умумий рақам банклар ўртасидаги вазиятни тўлиқ кўрсатмайди. Айрим банкларда NPLнинг мутлақ суммаси катта бўлса-да, уларнинг умумий кредит портфели ҳам жуда катта.

Энг катта NPL улуши қайси банкларда шаклланди?

Муаммоли кредитларнинг мутлақ ҳажми бўйича биринчи ўринда Ўзмиллийбанк турибди — 3,2 трлн сўм.

Ундан кейинги ўринларда Агробанк — 3,18 трлн сўм, Микрокредитбанк — 2,28 трлн сўм, Ўзсаноатқурилишбанк — 1,91 трлн сўм ва Асакабанк — 1,78 трлн сўм жойлашган.

Бироқ бу рақамларни банкларнинг умумий кредит портфелига нисбатан таҳлил қилинса, улушлар анча кичик. Масалан, Ўзмиллийбанкнинг кредитлари 105,5 трлн сўм бўлса, ундаги NPL 3,2 трлн сўмни ташкил этади. Натижада муаммоли кредитларнинг улуши 3,03 фоиз бўлган.

Микрокредитбанкда эса вазият бошқача: банкнинг жами кредитлари 23,1 трлн сўм, NPL эса 2,28 трлн сўм. Бу кредит портфелининг 9,87 фоизи муаммоли эканини англатади.

Яъни, NPL суммаси бўйича Ўзмиллийбанк олдинда, аммо кредит портфелининг сифати бўйича Микрокредитбанкнинг ҳолати анча оғирроқ.

NPL улуши энг юқори банклар

Кредит портфелининг қанчалик катта қисми муаммоли эканини кўрсатадиган асосий кўрсаткич — NPL улуши.

Банк

Жами кредит

NPL

NPL улуши

TBC bank

7,94 трлн

1,04 трлн

13,07%

Пойтахт банк

579,7 млрд

61,1 млрд

10,54%

Микрокредитбанк

23,12 трлн

2,28 трлн

9,87%

Anor bank

12,39 трлн

946,3 млрд

7,64%

Garant bank

1,62 трлн

115,5 млрд

7,15%

AVO bank

1,45 трлн

95,8 млрд

6,61%

Бизнесни ривожлантириш банки

26,22 трлн

1,53 трлн

5,84%

Madad Invest bank

583,7 млрд

32,0 млрд

5,48%

Ziraat Bank Uzbekistan

2,45 трлн

117,6 млрд

4,81%

Saderat bank

8,7 млрд

406,6 млн

4,69%

TBC банкда ҳар 100 сўмлик кредитидан 13 сўмдан кўпроғи муаммоли. Пойтахт банкда эса бу кўрсаткич 10,5 сўм, Микрокредитбанкда 9,9 сўм атрофида.

Давлат банкларида муаммоли кредитлар кўпроқ

Банк тизимидаги муаммоли кредитларнинг катта қисми давлат улуши мавжуд банкларда тўпланган.

Уларнинг жами кредит портфели 421,9 трлн сўм, NPL ҳажми эса 16,8 трлн сўмни ташкил этган. Бу давлат улуши мавжуд банклар барча кредитларнинг 65,4 фоизини берганини, аммо жами NPLнинг 70,2 фоизи ҳам шу банклар ҳиссасига тўғри келишини англатади.

Ушбу банклар гуруҳида NPL даражаси 3,98 фоиз бўлган. Қолган банкларда эса бу кўрсаткич 3,20 фоизни ташкил қилган.

Қайси банкларда муаммоли кредитлар деярли йўқ?

KDB Bank Ўзбекистон ва Октобанкда умуман NPL қайд этилмаган.

Apex банкда муаммоли кредитлар улуши атиги 0,055 фоиз, Uzum банкда эса 0,009 фоиз бўлган.

Яъни бир банкда ҳар 100 сўмлик кредитнинг 13 сўмдан ортиғи муаммоли бўлса, бошқа банкларда бу кўрсаткич 0,01 сўмга ҳам етмайди.

Teglar

Mavzuga oid