Ижодкорларга уй-жой ва тиббий ёрдам учун имтиёзлар берилади

Bugun 14:042 daqiqa

Шоир, ёзувчи ва санъат вакилларига уй-жой сотиб олиш учун олинадиган ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Ижодкорларга уй-жой ва тиббий ёрдам учун имтиёзлар берилади © Prezident matbuot xizmati

Ижодкорлар ва маданият соҳаси ходимларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги имтиёзлар эълон қилинди. Унга кўра, ҳар йили минг нафар шоир ва ёзувчи, маданият ва санъат вакиллари, музей ходимлари ҳамда рассомларга уй-жой хариди учун олинадиган ипотека кредити дастлабки тўловининг ярми қоплаб берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида маълум қилди.

Мазкур чора ижод аҳлининг уй-жой шароитини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда. Айниқса, ўз фаолиятини санъат ва маданият ривожига бағишлаган мутахассисларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсад қилинган.

Ижара харажатлари қопланади

Янги тизимга кўра, ижодий ташкилотлар ва маданият муассасаларига бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган соҳа вакилларига ҳам ёрдам кўрсатилади.

Бугундан бошлаб уларнинг уй-жой ижараси учун қилган харажатлари қисман қоплаб берилади. Тошкент шаҳрида яшовчилар учун ойига 2,5 миллион сўмгача, вилоятларда фаолият юритаётганлар учун эса 1 миллион 600 минг сўмгача маблағ ажратилади.

Тиббий ва қўшимча енгилликлар

Ҳар йили ўз фаолиятида юқори натижага эришган минг нафар соҳа ходими Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан бепул даволанади.

Бундан ташқари, икки минг нафар ижодкорга давлат томонидан тиббий суғурта пакети тақдим этилади. Камида ўн йил иш стажига эга ходимлар эса санаторийларга бепул йўлланмалар билан таъминланади.

15 июндан бошлаб халқ артисти, халқ шоири ва халқ ёзувчиси каби юксак фахрий унвон соҳибларининг аэропорт ва вокзаллардаги VIP заллардан бепул фойдаланиши ҳам таъминланади.

Teglar

Mavzuga oid

Ижодкорларга уй-жой ва тиббий ёрдам учун имтиёзлар берилади | Vaqt.uz