Миграция агентлиги хорижга ишга кетаётганларни огоҳлантирди

Bugun 10:252 daqiqa

Миграция агентлиги хорижда ишлашни режалаштираётган фуқароларни маблағни воситачилар ёки бошқа фирмалар ҳисоб рақамига ўтказмасликка чақирди.

Миграция агентлиги хорижга ишга кетаётганларни огоҳлантирди © Fotolia / Gerhard Seybert

Миграция агентлиги чет элда ишлаш истагидаги фуқароларни огоҳлантирди. Идора маълум қилишича, айрим ҳолатларда фуқаролар лицензияга эга хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузган бўлса-да, тўловларни бошқа ташкилотлар ёки жисмоний шахслар ҳисоб рақамларига амалга оширмоқда.

Агентликнинг таъкидлашича, бундай амалиёт кейинчалик муаммолар келиб чиққан тақдирда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясиз қолишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки чет элга ишга жойлаштириш учун берилган лицензия фақат муайян ташкилот номига расмийлаштирилади ва у бошқа компания ёки консалтинг хизматларига тааллуқли эмас.

Тўлов қилаётганда нимага эътибор бериш керак

Шу муносабат билан шартномада кўрсатилган ташкилот номи ҳамда тўлов қабул қилувчи ҳисоб рақами эгасининг номи бир хил бўлиши шартлиги эслатилди. Фуқароларга ҳар қандай тўловни амалга оширишдан олдин ушбу маълумотларни диққат билан текшириш тавсия қилинди.

Миграция агентлиги нақд пул бериш, жисмоний шахсларнинг пластик карталарига маблағ ўтказиш ёки «консалтинг хизмати» баҳонасида бошқа фирмаларга пул тўлаш хавфли эканини таъкидлади. Тўловлар фақат хусусий бандлик агентлигининг махсус депозит ҳисоб рақамига амалга оширилиши керак.

Идора хорижга ишга кетишдан аввал агентлик лицензиясини QR-код орқали текширишни ҳам тавсия қилди. Шунингдек, шартнома ва тўлов ҳужжатларидаги маълумотларни ўзаро солиштириш, чеклар, шартномалар ва ёзишмаларни сақлаб қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Миграция агентлиги фақат лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан назорат олиб боришини маълум қилди. Агар консалтинг компаниялари ёки бошқа воситачилар билан боғлиқ низолар юзага келса, фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши лозим.

Teglar

Mavzuga oid