
Европанинг 8 давлати Гренландия масаласида қўшма баёнот берди
Европанинг саккизта давлати Арктика хавфсизлиги ва Гренландия суверенитетини ҳимоя қилишга тайёр эканини эълон қилди.

Дания, Финландия, Франция, Германия, Нидерландия, Норвегия, Швеция ва Буюк Британия Арктикада хавфсизликни мустаҳкамлаш ва Гренландия суверенитетини ҳимоя қилиш бўйича қўшма позициясини эълон қилди. Баёнот Швеция ҳукумати сайтида эълон қилинди ва АҚШ томонидан билдирилган тариф таҳдидлари ҳамда Гренландия атрофидаги геосиёсий кескинликка жавоб сифатида баҳоланмоқда.
Қўшма баёнотда мамлакатлар Қироллик Дания ва Гренландия халқи билан тўлиқ ҳамжиҳат эканини билдириб, ҳар қандай мулоқот суверенитет ва ҳудудий яхлитлик принципларига таяниши шартлигини таъкидлади. Европа давлатлари Арктика хавфсизлигини умумий трансатлантик манфаат деб ҳисоблашини ва бу минтақа бўйича мувофиқлашган ёндашувни сақлаб қолиш ниятида эканини қайд этди.
Баёнотда тариф таҳдидлари трансатлантик муносабатларга путур етказиши, шунингдек, «хавфли пастга шўнғувчи спирал»ни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди. Шу сабабли, давлатлар суверенитетни ҳимоя қилиш ва сиёсий босимга қарши жавоб чораларини мувофиқлаштиришга тайёр эканини билдирди.
Франция президенти Эммануэл Макрон мазкур вазият юзасидан Европа Иттифоқининг иқтисодий мажбурлашга қарши инструментини (ACI) ишга тушириш имкониятини муҳокама қилишни таклиф қилди. Унинг фикрича, агар тариф таҳдидлари амалга ошса, Европа Иттифоқи ягона ва қатъий жавоб бериши лозим.
Бунга жавобан АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландия масаласида Дания ва Европа давлатлари билан музокараларга тайёр эканини билдирди. Бироқ шу билан бирга у Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финландиядан АҚШга экспорт қилинадиган барча товарларга 10 фоизли бож жорий этилишини эълон қилди. Ушбу тарифлар 1 февралдан кучга киради.
Юзага келган вазият Арктиканинг стратегик аҳамияти ортиб бораётганини ва Европа давлатлари АҚШ билан муносабатларда ҳам хавфсизлик, ҳам иқтисодий манфаатларини қатъийроқ ҳимоя қилиш босқичига ўтаётганини кўрсатмоқда.





