Эл-Нино бу йил дунё бўйлаб табиий офатларга қандай таъсир қилади?

Bugun 20:207 daqiqa

Океан устидаги илиқ ҳавонинг кўтарилиши билан бошланадиган жараён баъзан вайронкор тропик бўронларни юзага келтиради. Шамол тезлиги муайян чегарадан ошгач, бундай ҳодисалар довул, циклон ёки тайфун мақомини олади.

Эл-Нино бу йил дунё бўйлаб табиий офатларга қандай таъсир қилади?

Эл-Нино табиат ҳодисаси Атлантика океанида довуллар сонини камайтиришга, Тинч океанида эса, аксинча, бўронларни кўпайтиришга хизмат қилади. Атлантика довуллари мавсуми бошланди ва у 30 ноябрга қадар давом этади.

Бунда бўронларнинг энг фаол даври одатда сентабр ойининг ўрталарига тўғри келади. Айнан шу даврда океандаги илиқ сув оқимлари ва атмосферадаги ўзгаришлар асосан Кариб ҳавзаси ҳамда АҚШнинг Шарқий ва Кўрфаз қирғоқларига хавф солувчи тропик бўронлар ва довулларни кучайтириб юборади.

Бироқ бу йил АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси (NOAA) синоптиклари айнан Эл-Нино сабабли Атлантика довуллари мавсуми одатдагидан тинчроқ ўтишини прогноз қилмоқда. Мутахассисларнинг баҳолашича, бу йил фаолликнинг меъёрдан паст бўлиш эҳтимоли 55 фоизни, меъёрга яқин бўлиши 35 фоизни ва меъёрдан юқори бўлиши бор-йўғи 10 фоизни ташкил этади.

Хўш, Эл-Нино ўзи нима ва у бўронларга қандай таъсир кўрсатади?

Илмий тил билан айтганда, Эл-Нино — Тинч океанининг марказий ва шарқий тропик қисмларида сув юзаси ҳароратининг даврий равишда кўтарилишидир.

Бунинг натижасида глобал шамол ва ёғингарчилик тизимларида юз берадиган ўзгаришлар дунёнинг турли бурчакларида сув тошқинлари, қурғоқчилик ва жазирама иссиқни кучайтириб юбориши мумкин.

Қолаверса, ушбу об-ҳаво ҳодисаси фаол даврида глобал ўртача ҳарорат ҳам бироз кўтарилади. Табиатнинг бу инжиқлиги одатда ҳар икки-етти йилда бир маротаба содир бўлиб, тахминан 9 ойдан 12 ойгача давом этади. Айрим ҳолларда бу жараён ундан ҳам узоқроқ чўзилиши мумкин.

Унинг мутлақо акси бўлган Ла-Нина ҳодисаси эса бунинг тескарисини, яъни Тинч океанидаги ҳароратнинг одатдагидан совуқроқ бўлишини англатади. Аслида буларнинг ҳар иккиси ENSO (Эл-Нино — Жанубий тебраниш) деб аталувчи янада кенгроқ иқлим тизимининг узвий бир қисми ҳисобланади.

Нейтрал босқич

Бу жараёнларни яхшироқ тушуниш учун Тинч океанидаги одатий, яъни нейтрал босқични кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Одатий шароитда Тинч океани бўйлаб шарқдан ғарб томон барқарор экваториал шамоллар — пассатлар эсади. Бу шамоллар илиқ юза сувларини Америка қитъасидан Осиё томон ҳайдайди. Иссиқ сув ғарбга силжиган сари, унинг ўрнини тўлдириш учун Америка қирғоқлари бўйлаб океан тубидан совуқ сув юқорига кўтарилади.

Совуқ босқич: Ла-Нина

Юқорида тилга олинган Ла-Нина эса ана шу жараённинг совуқ босқичи, яъни Эл-Нинонинг қарама-қарши ҳолатидир. Бу пайтда пассат шамоллари одатдагидан ҳам кучлироқ эсиб, Осиё томонга янада кўпроқ илиқ сувни ҳайдайди ва оқибатда Тинч океанининг шарқий қисмида сув юзаси ҳароратини ўртача кўрсаткичдан кескин пасайтириб юборади.

Илиқ босқич: Эл-Нино

Энди мазкур жараённинг илиқ босқичи — Эл-Нинони кўриб чиқсак. Бу даврда юқорида тилга олинган пассат шамоллари заифлашади ёки умуман йўналишини ўзгартиради. Бу эса Тинч океанидаги илиқ сувнинг шарққа, яъни Америка қитъаси қирғоқлари томон қайта оқиб келишига имкон яратади.

Айнан шу ҳодиса Атлантика океанида довуллар фаоллигини бостирса, Тинч океанида, аксинча, бўронларни кучайтириб юборади. Ла-Нина эса бунинг тескариси ўлароқ, Атлантика океанида кўпроқ ва кучлироқ довулларнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Хўш, бундай тропик бўронларнинг ўзи нима сабабдан ва қандай пайдо бўлади?

Одатда бундай табиий офатлар экватор яқинидаги илиқ океан сувлари устида шаклланади. Содда қилиб тушунтирганда, сув юзасидаги илиқ ҳаво кўтарилганида, пастки қисмда ҳаво босими паст бўлган ҳудуд ҳосил бўлади.

Юқорига кўтарилган ҳаво совигач, унинг остидан чиқиб келаётган навбатдаги илиқ ҳаво оқими уни четга суриб юборади. Бундай узлуксиз даврийлик кучли шамол ва ёмғирларни келтириб чиқаради ҳамда жараён тезлашиб, кучайиб боргани сари ҳақиқий тропик бўронни вужудга келтиради.

Бўроннинг айланиши юқори тезликка чиққач, унинг қоқ марказида «кўз» деб аталувчи қисм шаклланади. Бўроннинг кўзи одатда жуда тинч ва мусаффо бўлади, чунки кучли айланиш ҳавони ташқарига улоқтириб, бу ерда ўта паст ҳаво босимини юзага келтиради.

Агар шамол тезлиги соатига 63 километрга етса, бу ҳодиса тропик бўрон деб аталади. Қачонки шамол тезлиги соатига 119 километрдан ошса, унга тропик циклон, тайфун ёки довул мақоми берилади.

Шу ўринда табиий савол туғилади: довул, циклон ва тайфун аслида битта нарсами?

Агар ҳодисанинг моҳиятига қарайдиган бўлсак, ҳа. Уларнинг барчаси шамол тезлиги соатига 119 километрдан ошадиган кучли бўрон тизимлари бўлиб, бир-биридан фақат пайдо бўлиш минтақаси билангина фарқланади.

Довул

Шимолий Атлантика ва Тинч океанининг шимоли-шарқий қисмида юз берадиган бўронлар «довул» (ураган) деб аталади ва улар кўпинча АҚШнинг Шарқий қирғоқлари, Мексика кўрфази ҳамда Кариб ҳавзасига хавф солади. Довулнинг кучи 1 дан 5 гача бўлган шамол шкаласи бўйича ўлчанади. 1-тоифали довул ўзи билан 119-153 км/соат тезликдаги барқарор шамолларни олиб келса, 5-тоифали бўрон 252 км/соатдан юқори тезликдаги шамолларни ҳосил қилиши мумкин.

Циклонлар

Агар бўрон Тинч океанининг жанубий қисми ва Ҳинд океанида пайдо бўлса, унга «циклон» номи берилади. Одатда ноябрдан апрелгача давом этадиган циклонлар мавсуми Австралиядан тортиб то Мозамбиккача бўлган мамлакатларга ўз таъсирини ўтказади.

Тайфунлар

Тинч океанининг шимоли-ғарбий қисмида шаклланиб, тез-тез Филиппин ҳамда Япония қирғоқларига ёпириладиган офат эса «тайфун» деб юритилади. Тайфунлар мавсуми асосан май ойидан октабргача кузатилса-да, йилнинг бошқа вақтларида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Уларнинг кучини белгилашда турли хил таснифлаш шкалаларидан фойдаланилади ва энг вайронкорлари «супертайфунлар» деб номланади.

Эл-Нино дунё бўйлаб бўронларга қандай таъсир кўрсатади?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу табиат ҳодисасининг таъсири сиз дунёнинг қайси бурчагида эканингизга қараб турлича намоён бўлади. Хусусан, Шимолий Атлантикада Эл-Нино даврида довуллар фаоллиги сезиларли даражада пасаяди. Одатдаги мавсумда бу ҳудудда 14 та номланган бўрон ва еттита довул (шу жумладан, учта йирик довул) кузатилса-да, тарихий маълумотларга кўра, Эл-Нино босқичида довулли кунлар сони 60 фоизгача қисқариб, табиий офатнинг умумий жадаллиги пасаяди.

Шунга қарамай, АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати (NOAA) директори Кен Грэм бу борада ҳали ҳам ноаниқликлар мавжудлигини қайд этади. Унинг таъкидлашича, гарчи Эл-Нинонинг Атлантика ҳавзасига таъсири кўпинча бўронларнинг ривожланишини бостирса-да, жуда ёмон мавсум бўлиши учун биттагина вайронкор бўроннинг ўзи кифоя қилади. Шу сабабли мутахассис довул хавфи мавжуд ҳудудлардаги барча аҳолини ҳар доим огоҳ ва ҳушёр туришга чақиради. Зеро, Атлантика океанидаги тропик бўронлар дунёдаги энг кўп ўлимга олиб келувчи ва катта иқтисодий зарар келтирувчи табиий офатлардан бири саналади. Биргина АҚШнинг ўзида 1980 йилдан 2024 йилга қадар довуллар 7211 кишининг (ёки йилига ўртача 160 кишининг) ёстиғини қуритган ва қарийб 1,55 триллион долларлик зарар келтирган. Бу даҳшатли рақамлар ичида Катрина (2005), Мария (2017) ва Ҳелен (2024) каби ҳалокатли довулларнинг ҳам ҳиссаси бор.

Агар эътиборни Тинч океанига қаратсак, манзара бироз бошқача тус олади. Масалан, океаннинг шимоли-шарқий қисмида, хусусан, Гавайи ороллари атрофида Эл-Нино даврида кўпроқ бўронлар шаклланади, ундан кейинги йилда эса бу ҳудудга табиий офатлар янада кўпроқ ёпирилишга мойил бўлади. Австралия ва Тинч океанининг жанубий қисмида эса Эл-Нино фаоллашган пайтда қирғоқлар бўйлаб бўронлар нисбатан камроқ пайдо бўлади. Бироқ бу улар бутунлай ғойиб бўлади дегани эмас. Шунчаки уларнинг шаклланиш ўчоғи Тинч океанининг жанубий қисмига силжийди. Сув юзаси ҳарорати ва атмосфера шароитидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган бундай силжишлар иқлим босқичига қараб ҳаракатланади ва кучайиб боради.

Худди шундай жараён Осиё ва Тинч океанининг шимоли-ғарбий қисмида ҳам кузатилади. Эл-Нино даврида бу ерда тайфунларнинг умумий сони деярли ўзгаришсиз қолса-да, уларнинг пайдо бўлиш жойи ўзгаради. Осиё қирғоқларига яқин ғарбий ҳудудларда тайфунлар камроқ шаклланиб, асосий фаоллик шарққа кўчади. Бундан фарқли ўлароқ, Ҳинд океанининг жануби-ғарбий ва шимолий қисмларида бўронлар сонида ҳеч қандай жиддий ўзгаришлар кузатилмайди.

Хўш, бундай даҳшатли бўронларга қандай қилиб ном берилади?

Тропик бўронларга ном бериш амалиёти, энг аввало, одамларга тезкор огоҳлантиришларни етказиш ва оммавий ахборот воситалари хабарларидаги турли бўронларни бир-биридан тез ажратиб олишни осонлаштириш мақсадида жорий қилинган. Дастлаб бўронлар ихтиёрий равишда номланган бўлиб, масалан, офатдан зарар кўрган қайиқ шарафига «Анте довули» деб аталган ҳолатлар ҳам бўлган. 1900 йилларнинг ўрталарига келиб эса бўронларга асосан аёллар исмлари берила бошланган.

Кейинчалик метеорологлар алифбо тартибидаги аниқ номлар рўйхатини қабул қилиб, ҳар йили бўронларни тартиб билан номлашга ўтишди. 1979 йилдан бошлаб довуллар учун эркаклар исмлари ҳам жорий қилинди ва энди улар аёллар исмлари билан галма-гал ишлатиб келинмоқда. Бугунги кунда довуллар Жаҳон метеорология ташкилоти томонидан юритиладиган олтита махсус рўйхат асосида номланади ва бу рўйхатлар ҳар олти йилда алмашиб туради. Қоидага кўра, агар бирор бўрон ўта ҳалокатли ёки вайронкор оқибатларга олиб келса, унинг номи рўйхатдан умрбод чиқариб ташланади. Масалан, Катрина (2005), Сэнди (2012), Ирма ва Мария (2017) каби довулларнинг номлари қайта ишлатилмайдиган исмлар қаторидан жой олган.

Бошқа минтақалардаги номлаш тартиб-қоидалари ҳам Атлантика океанида қўлланиладиган тизимга жуда ўхшаш. Тропик циклонлар одатда маҳаллий тиллар ва маданиятларга мослаштирилган рўйхатлар ёрдамида, минтақавий даражада белгиланган қоидаларга мувофиқ номланади. Танланган номлар ҳар бир минтақа аҳолисига таниш бўлишига алоҳида эътибор қаратилади, бу эса ўз навбатида бўронлар пайтида огоҳлантиришларни аҳолига янада тушунарли ва тезроқ етказиш имконини беради.

Teglar

Mavzuga oid