
Гренландия аллақачон АҚШ назоратида: уни сотиб олишга нима ҳожат бор?
1951 йилги АҚШ–Дания шартномаси Гренландия бўйича барча ҳарбий ваколатларни аллақачон Вашингтонга берган. Унда нега Трамп оролни тўлиқ қўлга киритмоқчи?

Иқтисодчи ва сиёсий таҳлилчи Андрей Илларионов Гренландия атрофидаги баҳслар фонида муҳим ҳужжатга эътибор қаратди. У LiveJournal’даги саҳифасида 1951 йилда АҚШ ва Дания ўртасида имзоланган Гренландия мудофааси бўйича келишувнинг тўлиқ матнини келтирди.
Мазкур ҳужжатга кўра, АҚШ сўнгги 70 йилдан ортиқ вақт давомида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Гренландия ҳудудида ҳарбий базалар жойлаштириш;
орол ҳудуди, портлари ва ҳаво маконидан фойдаланиш;
ҳарбий инфратузилма қуриш ва ундан фойдаланиш;
қўшин ва ҳарбий техникани эркин жойлаштириш;
АҚШ ва Шимолий Атлантика хавфсизлиги учун зарур деб ҳисоблаган ҳар қандай чораларни мустақил равишда кўриш.
Бу ваколатлар муддат билан чекланмаган, қўшимча юридик шартларни талаб қилмайди ва Гренландияни «сотиб олиш» мажбуриятини умуман назарда тутмайди. Илларионов таъкидлашича, амалда оролни мудофаа қилиш ва ундан ҳарбий-стратегик мақсадларда фойдаланиш учун керак бўлган барча имкониятлар аллақачон ушбу келишувда мустаҳкамлаб қўйилган.
Шу нуқтайи назардан, у икки асосий саволни қўяди. Биринчидан, Гренландия ва АҚШ мудофааси учун Доналд Трампга айнан нима етишмаяпти — 1951 йилги шартномада мавжуд бўлмаган қандай ваколат керак?
Иккинчидан, агар ҳарбий, стратегик ва логистик имкониятлар тўлиқ таъминланган бўлса, Гренландияни «сотиб олиш» учун тилга олинаётган юзлаб миллиард доллар нима учун тўланиши лозим?
Илларионов хулосасига кўра, бундай шароитда Гренландияни сотиб олиш ҳақидаги гаплар хавфсизлик масаласидан кўра кўпроқ сиёсий рамзга ўхшайди. Бу куч намойиши, ички аудитория учун «қатъиятли қадам» образини яратиш ёки сиёсий спектакл бўлиши мумкин.
Таҳлилчининг таъкидлашича, Гренландияни ҳимоя қилиш учун уни сотиб олиш шарт эмас. Бу вазифа аллақачон 1951 йилда имзоланган халқаро шартнома орқали таъминлаб қўйилган.





