Қирғизистон макулатура ва чиқинди қоғоз экспортини вақтинча тақиқламоқчи

Тақиқ транзит юклар ва гуманитар ёрдамларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қирғизистон макулатура ва чиқинди қоғоз экспортини вақтинча тақиқламоқчи © The Conversation

Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазирлиги мамлакатдан регенерация қилинадиган қоғоз ва картон, жумладан макулатура ҳамда чиқиндиларни олиб чиқишни вақтинча тақиқлашни таклиф қилди. Тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатга кўра, тақиқ 6 ой муддатга жорий этилади. У ЕОИИ Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 4707 коди бўйича таснифланадиган регенерация қилинадиган қоғоз ва картон маҳсулотларига татбиқ этилади.

Шу билан бирга, мазкур тақиқ транзит юкларга ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўрсатиладиган гуманитар ёрдамларга нисбатан қўлланилмайди.

Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилган:

вақтинчалик тақиқ жорий этилиши ҳақида Жаҳон савдо ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий комиссиясини хабардор қилиш;

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитасини огоҳлантириш;
мазкур товарларни ноқонуний олиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўриш;
қарор ижросини назорат қилишни Президент администрациясининг Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини назорат қилиш бошқармаси зиммасига юклаш.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 14-январдаги №4-сонли «Регенерация қилинадиган қоғоз ва картонни (макулатура ва чиқиндиларни) Евроосиё иқтисодий иттифоқининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишни (экспорт қилишни) вақтинча тақиқлаш тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотган деб топилиши таклиф этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid