Европа рад этган мигрантларни Ўзбекистон қабул қиладими?

Bugun 19:551 daqiqa

«Politico» нашри Европа ўзи қабул қилишни истамаган ноқонуний мигрантларни Ўзбекистон ва Қозоғистонга жўнатмоқчи экани ҳақида ёзди. Vaqt.uz мазкур хабар юзасидан ТИВ матбуот котибидан расмий изоҳ олди.

Европа рад этган мигрантларни Ўзбекистон қабул қиладими?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудида Европа Иттифоқининг депортация ёки мигрантлар марказларини ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Мавзу «Politico» нашрида эълон қилинган материалдан кейин муҳокамалар марказига чиқди.

Нашр манбаларига таяниб, Европа Иттифоқи давлатлари бошпана бериш рад этилган мигрантлар учун учинчи давлатлар ҳудудида махсус марказлар ташкил этиш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилган.

Унга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ноқонуний мигрантларни Европа ҳудудидан чиқариш жараёнида эҳтимолий ҳамкор давлатлар сифатида тилга олинган.

Тошкент рад жавобини берди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев VAQT.UZ'га маълум қилишича, мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Айни пайтда ушбу масала бўйича Европа Иттифоқи муассасалари билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаяпти ҳамда уларни ўтказиш режада тутилмаган», - деди Файзиев.

Қозоғистон ҳам рад этди

Хабарда номи тилга олинган яна бир давлат — Қозоғистон ҳам ушбу мавзуда расмий изоҳ берди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро ахборот қўмитаси раиси Ерлан Жетибаев дипломатик даражада бундай музокаралар олиб борилмаганини маълум қилди.

Шу тариқа, Европа матбуотида тилга олинган икки мамлакат ҳам ўз ҳудудида мигрантлар учун махсус марказлар ташкил этиш бўйича музокаралар ҳақидаги маълумотларни тасдиқламади.

Teglar

Mavzuga oid