24 фоизгача зарар: 2026-йилда олтин қуймалари нархи қандай ўзгармоқда?
2026-йил бошидан буён олтин қуймаларининг сотув нархи 5,8 фоизга ошди. Бир қарашда бу даврда олтин сотиб олган инвестор фойда кўргандек туюлади. Бироқ банкларнинг сотув ва қайта харид нархлари ўртасидаги тафовут ҳисобга олинса, харид санасига қараб инвесторлар амалда 5 фоиздан қарийб 24 фоизгача зарар кўрган.

2026-йил олтин бозори учун кескин ўзгаришлар билан бошланди. Йилнинг дастлабки ҳафталарида жаҳон бозоридаги қимматлашув ортидан Ўзбекистондаги ўлчовли олтин қуймалар нархи ҳам кетма-кет рекордларни янгилади.
5-январ куни 5 граммли олтин қуйма 8 млн 735 минг сўмдан сотилган эди. Орадан бир ҳафта ўтиб, унинг нархи илк бор 9 млн сўмдан ошди. 26-январда эса 5 граммли қуйма 10 млн сўмлик психологик чегарани кесиб ўтди.
29-январ куни нарх яна кескин кўтарилиб, 5 граммли қуйма 10 млн 864 минг сўмга етди. Бу 2026-йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлиб қолмоқда.
Йил бошидан рекорд қайд этилган кунгача 5 граммли олтин қуйманинг қиймати 2 млн 129 минг сўмга ёки 24,4 фоизга ошган.
Бироқ кескин ўсиш узоқ давом этмади. Жаҳон бозоридаги тузатиш ортидан Ўзбекистонда ҳам қуймалар нархи пасая бошлади. 24-мартга келиб 5 граммли қуйма 9 млн 6 минг сўмгача арзонлади.
Бу январь охиридаги рекордга нисбатан 1 млн 858 минг сўмлик ёки 17,1 фоизлик пасайиш эди.
Кейинги ойларда нархлар қисман тикланди. Май бошида 5 граммли қуйма 9,7 млн сўмга яқинлашган бўлса, июнь ойида яна пасайиш кузатилди.
18-июн ҳолатига Марказий банк 5 граммли олтин қуйманинг сотув нархини 9 млн 243 минг сўм этиб белгилаган.
Шу тариқа ҳозирги нарх:
— йил бошидагидан 508 минг сўм ёки 5,8 фоиз юқори;
— 29-январдаги рекорддан 1 млн 621 минг сўм ёки 14,9 фоиз паст;
— 24-мартдаги энг паст нуқтадан 237 минг сўм ёки 2,6 фоиз юқори.
Барча қуймалар нархи қанча?
18-июн ҳолатига Марказий банк томонидан белгиланган сотув нархлари қуйидагича:
Og‘irligi | Sotuv narxi |
5 gramm | 9 mln 243 ming so‘m |
10 gramm | 18 mln 486 ming so‘m |
20 gramm | 36 mln 972 ming so‘m |
50 gramm | 92 mln 431 ming so‘m |
100 gramm | 184 mln 861 ming so‘m |
Фоиздаги ўзгаришлар барча ўлчамдаги қуймалар учун бир хилга яқин.
Масалан, 100 граммли қуйма йил бошида 174 млн 694 минг сўм эди. 29-январда унинг нархи 217 млн 278 минг сўмгача ошди. 18-июнга келиб эса 184 млн 861 минг сўмга тушди.
Олтин нархи ошган бўлса, нега инвестор зарар кўриши мумкин?
Олтин қуймалари бозорида фақат сотув нархига қараш етарли эмас. Қуймани сотиб олган фуқаро уни кейинчалик банкка Марказий банк белгилаган қайта сотиб олиш нархида топширади.
18-июн куни 5 граммли қуйма банкларда 9 млн 243 минг сўмдан сотилмоқда. Бироқ банк уни қадоғи бут ҳолатда 8 млн 281 минг сўмдан қайта сотиб олади.
Икки нарх ўртасидаги фарқ 962 минг сўмни ташкил қилади. Бу сотув нархининг 10,4 фоизига тенг.
Бошқача айтганда, фуқаро 18-июн куни 5 граммли қуйма сотиб олиб, уни шу куннинг ўзида қайта сотса, 962 минг сўм ёки 10,4 фоиз зарар кўради.
Қуйманинг қайта харид қиймати харидор тўлаган 9 млн 243 минг сўмга етиши учун олтин нархи тахминан 11,6 фоизга ошиши керак. Шундагина инвестор номинал ҳисобда зарарсиз нуқтага яқинлашади.
Бу олтин қуймалари қисқа муддатли савдо учун эмас, кўпроқ узоқ муддатли жамғариш воситаси эканини кўрсатади.
Сотув ва қайта харид нархи ўртасидаги тафовут уч бараварга яқин кенгайди
Йил бошида мазкур тафовут анча паст эди.
5-январ куни 5 граммли қуйма 8 млн 735 минг сўмдан сотилган. Қадоғи бут қуйма учун қайта харид нархи эса 8 млн 395 минг сўм бўлган.
Фарқ 340 минг сўм ёки 3,9 фоизни ташкил қилган.
18-июнга келиб фарқ 962 минг сўмга, фоизда эса 10,4 фоизга етди. Яъни мутлақ қийматда тафовут қарийб уч бараварга кенгайган.
Натижада фақат қуймаларнинг чакана сотув қийматини кузатган одам олтин йил бошидан даромад келтирган, деган хулосага келиши мумкин. Аммо уни реал сотиш қиймати ҳисобга олинса, манзара бошқача кўринади.
Марказий банкнинг расмий маълумотига кўра, сотув ва қайта харид нархлари жаҳон бозоридаги олтин қиймати ҳамда регулятор белгилайдиган маржа ёки чегирма асосида шакллантирилади. Ушбу маржа ва чегирма қуймаларни ишлаб чиқариш, муомалага чиқариш ва улар билан боғлиқ операцион харажатларни қоплаш учун белгиланади.
Бироқ 2026-йил давомида сотув ва қайта харид нархлари орасидаги тафовут нима сабабдан кескин кенгайгани бўйича алоҳида батафсил изоҳ берилмаган.
Йил бошида олтин олганлар қанча фойда ёки зарар кўрди?
Инвестор даромадини ҳисоблашда ҳозирги сотув нархи эмас, банкнинг қайта сотиб олиш нархи олиниши керак.
Масалан, 5-январ куни 5 граммли қуйма 8 млн 735 минг сўмга сотиб олинган бўлсин. 18-июн куни банк қадоғи бут қуймани 8 млн 281 минг сўмга қайта сотиб олади. Демак, инвестор 454 минг сўм ёки 5,2 фоиз зарар кўради.
29-январдаги рекорд нархда 10 млн 864 минг сўмга қуйма сотиб олган фуқаро эса уни 18-июнда сотганда 2 млн 583 минг сўм йўқотади. Бу дастлабки харид қийматининг 23,8 фоизига тенг.
Ҳатто 24-март куни нарх 9 млн 6 минг сўмгача тушган пайтда қуйма сотиб олган одам ҳам уни 18-июн куни банкка қайтарса, 725 минг сўм ёки 8 фоиз зарар кўради.
Бу ҳисоб-китоблар қуйманинг қадоғи бут бўлиши ва банк уни Марказий банкнинг 18-июндаги расмий қайта харид нархида сотиб олишини назарда тутади.
Қадоқ бузилса, нарх янада паст бўлади
Олтин қуйманинг махсус ҳимоя қадоғи унинг сертификати ҳисобланади. Қуйма ва унинг қадоқларида бир хил серия рақами мавжуд. Қадоқ бут бўлса, тижорат банки қуймани дарҳол қайта сотиб олиши мумкин. Агар қадоқ бузилган, шикастланган ёки техник талабларга жавоб бермаса, қуйма экспертизадан ўтказилади ва пастроқ нархда харид қилинади.
18-июн ҳолатига 5 граммли қуйманинг:
— қадоғи бут ҳолатдаги қайта харид нархи 8 млн 281 минг сўм;
— қадоғи бузилган ҳолатдаги нархи 8 млн 197 минг сўмни ташкил қилмоқда.
Фарқ 84 минг сўм.
100 граммли қуймада эса қадоқнинг ҳолати қайта сотиш қийматини 1 млн 673 минг сўмга ўзгартиради. Қадоғи бут 100 граммли қуйма 165 млн 622 минг сўмдан, қадоқ бузилган бўлса 163 млн 949 минг сўмдан харид қилинади.
2025-йилдаги ўсиш суръати такрорланмаяпти
2026-йилда олтин қуймалари нархи йил бошидагидан юқори бўлса-да, ҳозирча 2025-йилдаги каби барқарор ва кескин ўсиш кузатилмаяпти.
2025-йил бошида 5 граммли олтин қуйма қарийб 5,66 млн сўм турган. Июнь ўрталарига келиб унинг нархи 7 млн 227 минг сўмга етган. Яъни ўтган йилнинг дастлабки беш ярим ойида қуйма қарийб 28 фоизга қимматлашган.
Ўсиш йилнинг иккинчи ярмида ҳам давом этиб, 24-декабрда 5 граммли қуйма 8 млн 913 минг сўмлик рекордга чиққан. Натижада унинг нархи 2025-йил бошига нисбатан қарийб 57 фоиз ошган.
2026-йилда эса манзара бошқачароқ. 5-январда 5 граммли қуйма 8 млн 735 минг сўм турган бўлса, 18-июнга келиб 9 млн 243 минг сўмга етган. Бу йил бошидан атиги 5,8 фоизлик ўсиш дегани.
Таққослаш учун, 2025-йилнинг деярли шу даврида нарх қарийб 28 фоиз ошган эди. Демак, 2026-йилдаги ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб беш баравар паст.
Тўғри, жорий йил январида олтин нархи қисқа муддат ичида кескин кўтарилиб, 5 граммли қуйма 10 млн 864 минг сўмлик рекордга чиқди. Бироқ бу ўсиш барқарор бўлмади: кейинги ойларда нарх рекорддан қарийб 15 фоиз пасайди.
Шу сабабли 2026-йилдаги динамика 2025-йилдаги узлуксиз қимматлашувдан фарқ қилмоқда. Бироқ 2026-йил ҳали якунланмаган. Шу боис ҳозирги кўрсаткичлар асосида йил охиридаги умумий ўсиш ҳақида қатъий хулоса қилишга эрта.
Жаҳонда олтинга талаб ҳамон юқори
Нархларнинг пасайиши олтинга талаб бутунлай йўқолганини англатмайди.
World Gold Council маълумотларига кўра, 2026-йилнинг биринчи чорагида жаҳондаги жами олтин талаби 1 231 тоннани ташкил этиб, йиллик ҳисобда 2 фоиз ошган.
Олтин қуймалари ва тангаларига инвестицион талаб 474 тоннага етиб, бир йил олдингига нисбатан 42 фоиз кўпайган. Марказий банклар эса чорак давомида соф ҳисобда 244 тонна олтин харид қилган.
Айни пайтда рекорд нархлар заргарлик буюмларига бўлган талабни пасайтирган. Биринчи чоракда заргарлик учун олтин талаби ҳажми 23 фоизга қисқарган.
Демак, юқори нархлар оддий истеъмолчиларнинг заргарлик харидларини чеклаётган бўлса-да, олтинни жамғариш ва инвестиция воситаси сифатида сотиб олаётганлар фаоллиги юқори қолмоқда.
Ўзбекистонда ҳам олтинга қизиқиш кескин ошган
Марказий банк маълумотларига кўра, 2020-йил ноябридан 2025-йил охиригача банклар орқали аҳолига жами 65,1 мингдан ортиқ олтин қуйма сотилган. Уларнинг умумий оғирлиги 1,2 тоннани ташкил қилган.
Фақат 2025-йилнинг ўзида банклар 661 килограмм ёки 33 939 дона олтин қуйма сотган. Оғирлик бўйича бу 2020–2024-йилларда сотилган барча қуймалар ҳажмидан 18,4 фоиз кўп.
Таққослаш учун, 2024-йилда сотув ҳажми 236 килограммни ташкил этган эди. Демак, бир йил ичида қуймаларга талаб қарийб 2,8 баравар ошган.
Қуйма сотадиган банклар сони 12 тадан 19 тага, сотув шохобчалари эса 34 тадан 170 тагача кўпайган.
Бу аҳоли орасида олтиннинг нафақат заргарлик буюми, балки жамғарма ва инвестиция воситаси сифатидаги аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатади.
Олтин ҳозир яхши инвестициями?
Олтин одатда узоқ муддатда пулнинг харид қобилиятини сақлаш, валюта ва инфляция хавфидан ҳимояланиш ҳамда инвестиция портфелини диверсификация қилиш воситаси сифатида қаралади.
Бироқ 2026-йилги нархлар динамикаси олтин ҳам қисқа муддатда кескин арзонлаши мумкинлигини кўрсатди. Январь рекордида қуйма сотиб олган инвестор бир неча ой ичида нафақат нархнинг пасайиши, балки сотув ва қайта харид нархлари ўртасидаги катта тафовут туфайли ҳам сезиларли зарар кўриши мумкин.
Шу сабабли олтин сотиб олишда камида учта кўрсаткични ҳисобга олиш керак:
— қуйманинг жорий сотув нархи;
— банкнинг қайта сотиб олиш нархи;
— ушбу икки нарх орасидаги тафовут.
Фақат сотув нархининг йил бошидан 6 фоиз ошганига қараб, олтин инвесторларига ҳам 6 фоиз даромад келтирди, дейиш нотўғри. 18-июн ҳолатига йил бошида қуйма сотиб олган инвестор уни банкка қайта сотишда номинал ҳисобда ҳамон зарар кўради.
Олтиннинг кейинги нархи эса жаҳон бозоридаги котировкалар, АҚШ фоиз ставкалари ва доллар курси, геосиёсий хавфлар, марказий банклар талаби, сўм курси ҳамда Марказий банк белгилайдиган маржа ва чегирмаларга боғлиқ бўлади. Шунинг учун олтинни кўпроқ узоқ муддатли инвестиция воситаси сифатида кўриш керак.
Teglar
