«Эл-юрт умиди» стипендиати бўлган ўзбекистонлик талаба АҚШда вафот этди

Bugun 11:251 daqiqa

АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба Муҳаммадюсуф Фахриддиновнинг вафоти ҳақида VAQT.UZга маълум қилинди. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

«Эл-юрт умиди» стипендиати бўлган ўзбекистонлик талаба АҚШда вафот этди © Муҳаммадюсуф Фахриддиновнинг Instagram саҳифаси

АҚШдаги Ўзбекистон консулхонаси хабарига кўра, Stony Brook University талабаси, «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати Муҳаммадюсуф Фахриддинов вафот этган. Буни жамғарма матбуот котиби Элвина Мустафина VAQT.UZ мухбирига тасдиқлади.

Муҳаммадюсуф Фахриддинов компьютер технологиялари ва информатика йўналиши бўйича бакалавриат дастурида 4-босқич талабаси бўлган. Муҳаммадюсуф жамғарманинг намунавий стипендиатларидан бири сифатида таърифланади.

Ҳозирда АҚШ тергов идоралари томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Расмий маълумотлар эълон қилиниши кутилмоқда.

Вазиятдан хабардор бўлган бошқа талабанинг онаси VAQT.UZ'га маълум қилишича, дастлабки тахминларга кўра, у уйқуга кетиб уйғонмаган ва ўлим юрак фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда консуллик идоралари билан доимий алоқада эканини билдирган. Воқеанинг барча жиҳатларини аниқлаш мақсадида ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорлик ишлари давом этмоқда.

Жамғарма раҳбарияти марҳумнинг ота-онаси билан учрашиб, оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, жасадни Ватанга олиб келиш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар жамғарма назорати остида амалга оширилиши маълум қилинди.

Teglar

Mavzuga oid