
Имтиёзли кредитлар бозор ставкаларига таъсир қиляптими?
Марказий банк раиси имтиёзли кредитларни бозорга кескин аралашув деб баҳолаш нотўғри эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бу механизм тижорий кредит ставкаларига маълум даражада таъсир кўрсатса-да, бу таъсир кучли эмас.

Марказий банк раиси Темур Ишметов асосий ставка бўйича матбуот анжуманида имтиёзли кредитлар бозор механизмларига қай даражада таъсир кўрсатаётганини изоҳлади.
Унинг таъкидлашича, иқтисодиётда қабул қилинадиган ҳар қандай қарор муайян даражада ижобий ва салбий таъсирга эга бўлади.
«Имтиёзли кредит деганингиз, албатта, таъсир қилади. Иқтисодиётда ҳар қандай қарор, ҳар қандай операция қисман ижобий, қисман маълум бир соҳаларга салбий ҳам таъсир кўрсатади», — деди Марказий банк раиси.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда инфляция ва инфляцион кутилмаларни пасайтирмагунча асосий фоиз ставкасини юқори даражада ушлаб туришга тўғри келади. Бироқ бу бизнес, айниқса кичик бизнес учун молиялаштириш масаласини мураккаблаштиради.
«Биз инфляцияни туширмагунча, фоиз ставкасини табиийки баланд ушлаб туришга мажбурмиз. Лекин бизнесга, айниқса кичик бизнесга ривожланиши учун арзонроқ кредит керак», — дея изоҳлади Темур Ишметов.
Шу сабабли ҳукумат имтиёзли кредитлар орқали муайян мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда. Давлат банкларга арзон ресурсларни жойлаштириш ёки тижорий кредитлар бўйича фоизларни субсидия қилиш орқали бозордаги талабни қопламоқда.
Марказий банк раҳбари таъкидлашича, имтиёзли кредитларни бозорга кескин аралашув сифатида баҳолаш тўғри эмас. Унинг фикрича, бу механизмнинг тижорий кредит ставкаларига таъсири бор, аммо у кенг жамоатчилик тасаввур қилганидек кучли эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк Ўзбекистондаги кредит ставкалари ўтган йилга нисбатан пасайгани ва бу жараён давом этишини кутмоқдаганини маълум қилган эди.





