«Жиддий жанг қилишни бошлаш керак»: Дрон ҳужумидан сўнг Москвадан кескин чақириқлар янгради
18 июнга ўтар кечаси Украина қўшинлари Москвага 194 та дрон билан ҳужум қилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвага уюштирилган дрон ҳужумларига муносабат билдириб, Россия Украинадаги нишонларга мунтазам равишда зарба беришда давом этишини таъкидлади.
«Киевнинг ҳаракатларига жавобан фақат қуруқ сўзлар билан чекланиш камлик қилади», — деди у.
Кескин чақириқлар
Давлат думаси мудофаа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Алексей Журавлев Россия ҳарбийлари «жиддий жанг қилишни» бошлаши ва Киевнинг таслим бўлишига эришиши кераклигини айтди.
«Вазиятдан чиқишнинг фақат битта ва жуда оддий йўли бор: террорчи Киев режимини йўқ қилиш. Бундай ҳужумларни тўхтатиш учун Киевнинг таслим бўлиши кифоя қилади — бу кундай равшан. Бунга қандай эришиш йўллари ҳам маълум. Барча логистика тармоқларини, кўприклар ва тунелларни йўқ қилиш, темирйўл станцияларини бомбардимон қилиш керак», — деди Журавлев.
Унинг қайд этишича, Украина Ғарб қуроллари билан таъминланишда давом этар экан, Россия ҳудудига дрон ҳужумлари ҳам тўхтамайди.
Москвага ҳужум
Эслатиб ўтамиз, 18 июнга ўтар кечаси Украина қўшинлари Москвага 194 та дрон билан ҳужум қилди.
Ҳужумлар натижасида Москва нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққан. Шунингдек, «Садовод» савдо маркази ва «Мега Белая дача» савдо-кўнгилочар мажмуаси ҳамда турар жой бинолари ва хусусий уйларга зарар етган.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвнинг маълум қилишича, хужум оқибатида 17 киши, жумладан икки нафар бола жароҳат олган.



