Ўт ўчиргичлар носоз бўлиб чиқмоқда
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда одамлар хориждан олиб келиб сотилаётган ўт ўчириш мосламалари, яъни русчасига айтганда огнетушителлар носоз эканликларини айтиб чиқишмоқда.
Видеолардан кўриш мумкинки, сотиб олган ҳайдовчиларнинг аксари сотувчидан ўт ўчиргични сотиб олиш жараёнида оргинал мослама сўраганда, уларга «оргиналлигига эмас, яроқлилик муддатига қараб олаверинг», деган мазмунда сотишган. Яна бир шахс эса бошқа бир шахснинг видеосини кўриб ўзидаги ўт ўчиргични синаб кўради ва қараса ундаги датчик қисми носозлиги ошкор бўлади.
Буниси ҳам майли, «Худо кўрсатмасину, йўлда кетаётганда бирорта машинада ёнғин келиб чиқса ёки ўзимизнинг уловимиз шу кўйга тушса биз нима қиламиз», дея ўринли арз қилишмоқда.
Аммо танганинг иккинчи томонига назар ташлайдиган бўлсак, биздаги баьзи бир ҳайдовчилар огнетушител ва шу каби воситаларни мажбурликдан, аниқроғи «йўл патрул хизмати ходими жавобгарликка тортмасин, қулоғим тинч бўсин», дея машинасига солиб қўйишади.
Кўпгина хорижий давлатлара ўт ўчирувчилар етиб келгунга қадар бошқа хайдовчилар ўзларининг ўт ўчириш мосламаси билан ёнғинни бартараф қилиш билан машғул бўлишади.
Бизда-чи?
Бордию катта йўлда бирор кимсанинг машинаси ёнаётган бўлса, қолган машина эгалари уларга ёрдам берадими? Балки ёрдам берадиганлари ҳам бордир, бироқ негадир йўлларда қарийб кўзимиз тушмайди ундайларга.
Бу ҳам ўт ўчириш мосламаси ёнғин чиққан паллада уни ўчириш, бировларга бўлса ҳам шошилинч ёрдам бериш воситаси эканидан кўра кўпроқ ЙПХ ходими мободо сўраб қолса кўрсатиладиган матоҳга айланиб қолганини билдиради. Пул сарфлаб харид қилинган нарсани биров учун ишлатишни эса кўпчилик ўзига эп кўрмайди.
Юқоридаги холат бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда сифатсиз ўт ўчиргичлар савдоси билан боғлиқ ҳолатлар кўпайгани сабабли фуқароларни огоҳлантирди. Хусусан, ҳайдовчилар харид қилаётган айрим ўт ўчиргичларнинг амалда ишламаслиги ҳамда уларга сохта манометрлар ўрнатилгани аниқланаётгани қайд этилди.
Вазирлик маълумотига кўра, бундай муаммолар асосан ОП-1 туридаги кукунли ўт ўчиргичларда учрамоқда. Айрим маҳсулотларда ҳақиқий босим кўрсаткичлари ўрнига пластмассадан тайёрланган, фақат ташқи кўриниш учун қўйилган сохта индикаторлар ишлатилгани аниқланган. Бу эса фавқулодда вазият юзага келганда ўт ўчиргичнинг ишламаслигига олиб келиши мумкин.
ФВВ фуқароларга сифациз маҳсулотлардан эҳтиёт бўлиш учун бир қатор тавсиялар ҳам берди. Жумладан, ўт ўчиргич харид қилаётганда унинг манометри ва ишга тушириш механизми металл материалдан тайёрланганига эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, ОП-1 туридаги ўт ўчиргичнинг оғирлиги камида 1 килограмм бўлиши, манометр кўрсаткичи эса яшил ҳудудда туриши керак.
Вазирлик таъкидлашича, ўт ўчиргичлар ёнғин хавфсизлигини таъминлашда муҳим восита ҳисобланади. Уларнинг талабга жавоб бермаслиги эса инсон ҳаёти ва мол-мулкига жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис фуқароларга ўт ўчиргичларни фақат ишончли сотувчилардан харид қилиш, сотувчидан мувофиқлик сертификати ҳамда техник ҳужжатларни талаб қилиш тавсия этилди.
Озодбек Азизович: Ўзбекистонда ҳайдовчилар транспорт воситасида ўт ўчиргич ҳамда бошқа хавфсизлик воситаларини олиб юриши бўйича амалдаги қоидаларни кўриб чиқсак.
Ўзбекистон амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари бўйича: дори-дармон қутиси, махсус нимча, ўт ўчиргич ва фавқулодда тўхташ белгиси каби мажбурий воситалар йўқ бўлган транспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан маъмурий жазо қўлланиши мумкин. Бу Қоиданинг 125-моддаси, 2-қисмида акс эттирилган.
2026-йилда кучда бўлган жарима рўйхатига кўра, ўт ўчиргич йўқлиги ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баробари — яъни 206 минг сўм жаримага сабаб бўлади. Ҳайдовчи ўз автомобилида ушбу воситани олиб юрмаса бу маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланади.
Teglar






