Ўзбекистонда илк миллий молиявий ҳисобот стандарти тасдиқланди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги стандарт ҳисобот юритишда ягона қоидаларни жорий этишга қаратилган.

Ўзбекистонда илк миллий молиявий ҳисобот стандарти тасдиқланди © corporatefinanceinstitute.com

Миллий молиявий ҳисобот стандарти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ–282-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. «Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари» номли мазкур ҳужжат 2026 йил 11 апрел куни рўйхатдан ўтказилди.

Миллий молиявий ҳисобот стандартнинг асосий вазифаси

Янги стандартнинг асосий вазифаси тадбиркорлик субектлари томонидан шакллантириладиган молиявий ҳисоботларнинг ишончлилиги, ҳаққонийлиги ва қиёсланувчанлигини оширишдан иборат. У ташкилотларда ҳисоб сиёсатини шакллантириш ва қўллаш, ҳисоб баҳоларини аниқлаш ҳамда хатоларни тузатишнинг ягона ва аниқ тартибини белгилаб беради.

Мазкур стандарт мулкчилик шаклидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган аксарият юридик шахслар учун татбиқ этилади (айрим махсус тоифадаги ташкилотлар бундан мустасно). Бу эса унинг кенг қамровли амалий аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Стандартнинг жорий этилиши натижасида:

Молиявий ҳисоботларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги ошади;

Турли даврлар ва ташкилотлар кесимида қиёсланувчанлик таъминланади;

Бизнес ва инвесторлар учун очиқ ва тушунарли молиявий муҳит яратилади;

Кичик ва ўрта бизнес субектлари учун халқаро стандартларга яқинлашиш имконияти кенгаяди.

Teglar

Mavzuga oid