2025 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хизмат сафарларига қанча маблағ сарфлангани очиқланди
Вазирлик ўтган йилда 120 марта хорижий ва 383 марта маҳаллий хизмат сафарлари уюштирган.
© Мактабгача таълим вазирлигиМактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарлари 2025 йилда хорижий ва маҳаллий хизмат сафарлари учун жами 3,3 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу ҳақда вазирлик эълон қилган маълумотларда кўриш мумкин.
Вазирлик маълумотларига кўра, хизмат сафарлари учун сарфланган маблағларнинг асосий қисми хорижий ташрифларга тўғри келади. Хусусан, йил давомида 120 марта чет элга хизмат сафари амалга оширилган. Бу сафарлар учун эса жами 2 млрд 447 млн сўм сарфланган. Ўтган йили хорижий сафарлар 24 та давлатга амалга оширилган бўлиб, ҳар бир ташриф ўртача 20,4 млн сўмга тушган.
Энг кўп маблағ Францияга амалга оширилган 15 та сафар учун сарфланган — 427 млн сўмдан ортиқ. Шунингдек, Хитойга 18 марта, Туркияга 12 марта, Буюк Британияга 5 марта, Саудия Арабистони ва Филиппинга 4 марталаб хизмат сафарлари ташкил этилган.
Энг қиммат ташриф собиқ вазир, ҳозирда вазир ўринбосари бўлган Ҳилола Умарованинг Лондонга қилган хизмат сафари бўлган — 78,6 миллион сўм. Шунингдек, вазирлик эълон қилган ҳисоботларда барча хорижий сафарлар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилгани келтирилиб ўтилган.
Маҳаллий сафарлар
Шу билан бирга, 2025 йил давомида вазирлик 383 та маҳаллий хизмат сафарларини амалга оширган ва улар учун 875,8 млн сўм сарфланган. Энг кўп сафарлар Самарқанд вилоятига (100+ марта) тўғри келади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасига 70 тадан ортиқ, Қашқадарёга 50 тадан зиёд, Сурхондарёга эса 45 тадан ортиқ хизмат сафарлари амалга оширилган.
Жиззах ва Бухоро вилоятларига ҳар бири 40 тадан ортиқ сафар уюштирилган бўлса, Наманган ва Хоразм вилоятларида бу кўрсаткич 35 тадан ошган. Фарғона, Навоий ва Андижон вилоятларига 30 тадан ортиқ хизмат сафари қайд этилган. Сирдарё вилоятида 20 тадан зиёд, Тошкент вилоятида эса 6–7 та сафар амалга оширилган. Шу билан бирга, 60 дан ортиқ ҳолатда хизмат сафарлари бир нечта ҳудудни қамраб олган. Маҳаллий сафарларнинг асосий қисми бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилган.





