Беш йилда икки баробар ўсиш: Ўзбекистонда талабалар сони 1,5 миллиондан ошди
Талабалар сони бир йил давомида 102 мингга ўсди. Vaqt.uz талабалар сонининг сўнгги 5 йил йил ичида қанчага ўсгани, талаба қизлар учун қандай имтиёзлар, ўқитувчи-профессорлар сонини таҳлил қилди.
© finance.yahoo.com2026-йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарга етди. Уларнинг 782 минг 900 нафари аёллар, 752 минг 100 нафари эса эркаклардан иборат. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 фоизга кўп дегани. Кўрсаткич олий таълим қамрови кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Сўнгги 5 йил натижалари
Олий таълим тизимидаги энг муҳим ўзгаришларидан бири талабалар сонининг сўнгги беш йилда 2 баробарга кўпайганидир. 2021 йилда мамлакатимиз олийгоҳларида 808 минг нафар талаба таҳсил олган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 1 миллион 535 минг нафарга етди. Бошқача айтганда, беш йил ичида талабалар сони қарийб 727 минг нафарга ошган.

Жадвал Миллий статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди.
Энг юқори ўсиш 2022-2023 ва 2023-2024 - ўқув йилларида кузатилган. Хусусан, бир йилнинг ўзида 233 минг 700 нафарлик ўсиш қайд этилган. Кейинги йилда эса яна 272 минг 400 нафари талаба бўлган. Умумий манзара ёшлар олий маълумот олиш имконияти кенгайганини кўрсатади.
Талаба қизлар сони ортди
Энг қизиқ кўрсаткичлардан бири, талабалар таркибидаги гендер нисбатидир. Масалан, Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қизлар сони 782 минг 900 нафарга етиб, йигитлар сони 752 минг 100 нафардан ошди. Натижада улар орасидаги фарқ 30 минг 800 ни ташкил қилди. Аёллар умумий талабалар сонининг 54,5 фоизини ташкил этиб, эркаклар эса 45,5 фоизга тенг бўлди. Бу эса Ўзбекистонда хотин-қизларнинг олий таълимга бўлган имкониятлари ошиб бораётганини тасдиқлайди.
Талаба қизлар қандай имтиёзлардан фойдаланиши мумкин?
Хотин-қизларнинг олий таълимдаги улуши ортишида давлат томонидан белгиланган имтиёзлар муҳим ўрин тутади. Хусусан, илгари республика бўйича ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун 2000 та қўшимча ўрин ажратилган эди. 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб бу ўринлар сони икки баравар кўпайиб, 4000 мингтага етказилди.
Бундан ташқари, давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаларида кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба қизларга 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредити ажратилади. Бунда таълим кредитининг йиллик 14 фоизлик ставкасини давлат тўлаб беради. Бу имтиёз фақат кундузги таълим шаклидаги талаба қизлар учун амал қилади. Бу имтиёзлар хотин-қизларнинг олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтириб, таълимда тенгликни таъминлашга ва уларнинг фаол иштирокини оширишга хизмат қилмоқда.
Олий таълим муассасалари сони қанча?
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатда жами 215 та олий таълим муассаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 118 таси давлат, 97 таси нодавлат олийгоҳлардан иборат.

Жадвал Миллий статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди.
Ҳудудлар кесимида олий таълим муассасалари ва талабалар сонида Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда. Пойтахтда жами 98 та олий таълим муассасаси жойлашган бўлиб, бу республика бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бу ерда 579 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади, бу эса умумий талабалар сонининг 37,7 фоизини ташкил этади.
Кейинги ўринларда эса Тошкент (19 та) ва Самарқанд вилоятлари (14 та) эгаллади. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида 11 тадан олийгоҳ мавжуд. Сирдарёда эса 3 та олийгоҳ фаолият юритади. Буни Сирдарё вилоятида ҳудуднинг кичиклиги, аҳоли сони нисбатан пастлиги ҳамда йирик университетлар кўпроқ Тошкент ва бошқа йирик вилоятларда жойлашганлиги билан изоҳласа бўлади.
Профессор-ўқитувчилар
Ўқитувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Ҳозир олий таълим тизимида 48 минг 900 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият юритади. Шунга қарамай, бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда.
Ўзбекистонда ўртача бир ўқитувчига 33 нафардан ортиқ талаба тўғри келади. Бу кўрсаткич ривожланган мамлакатлар билан таққослаганда анча юқори бўлиб, 1 ўқитувчи 10-15 нафар талаба билан ишлайди. Бу эса таълим сифатини янада ошириш ва ўқитувчилар юкламасини камайтириш зарурати борлигини кўрсатади.
Олий таълим тизими ижобий ўзгаришлар билан бирга айрим тизимли масалалар ҳам сақланиб қолмоқда. Қизларнинг фаоллиги ортиши ижтимоий жараёнларнинг янгиланаётганини кўрсатса, таълим жараёнидаги юклама масалалари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.
Эслатиб ўтамиз, абитуриентлар учун ҳужжат топшириш жараёни 5 июндан 25 -июнгача давом этади.





