
Илон Маск дипфейк можароси туфайли «Grok»да тасвир яратишни чеклади
Илон Маскка тегишли «xAI» компанияси «Grok» чат-ботида тасвир яратиш функциясини бепул фойдаланувчилар учун ёпди, қарор дипфейк можароси ортидан қабул қилинди.

Илон Маскка қарашли «xAI» компанияси «X» ижтимоий тармоғида ишлайдиган «Grok» чат-ботида тасвир яратиш ва таҳрирлаш функциясини бепул фойдаланувчилар учун чеклади. Энди ушбу имконият фақат пуллик обуначилар учун очиқ бўлади. Бу қарор сунъий интеллект орқали оммавий равишда дипфейк ва шаҳвоний контент яратилаётгани ҳақидаги кескин танқидлардан сўнг қабул қилинди.
«Grok» фойдаланувчиларга реал инсонларнинг суратларини таҳрирлаб, уларни яланғоч ёки ярим яланғоч кўринишда акс эттириш имконини берган. Бунда суратдаги шахсларнинг розилиги талаб қилинмаган. Айрим ҳолатларда болалар тасвирлари ҳам ноқонуний ва ахлоқан оғир контентга айлантирилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Бу ҳолат Европа давлатларида кескин норозиликка сабаб бўлди. Европа комиссияси бундай тасвирларни ноқонуний ва «даҳшатли» деб баҳолаган. Германиянинг медиа вазири Волфрам Ваймер ушбу ҳолатни «жинсий зўравонликнинг саноатлашуви» деб атаган. Буюк Британиянинг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича регулятори эса платформа қонун талабларига қай даражада риоя қилаётгани юзасидан изоҳ талаб қилган.
«Reuters» журналистлари текширув сифатида «Grok»дан суратни бикинидаги тасвирга айлантиришни сўраган. Чат-бот бу сўровни рад этиб, тасвир яратиш функцияси фақат пуллик фойдаланувчилар учун эканини билдирган.
Шу билан бирга, «Reuters» маълумотларига кўра, «Grok»нинг «X» платформасидан мустақил ишлайдиган алоҳида иловаси орқали ҳали ҳам обунасиз тасвир яратиш мумкин.
Мутахассислар фикрича, бу қарор сунъий интеллект соҳасида тартибга солиш масалалари янада кескинлашиб бораётганидан далолат беради. Яқин келажакда йирик технология компаниялари контент хавфсизлиги ва ахлоқий меъёрлар бўйича қўшимча чекловлар жорий этиши мумкин.





