Logo

Лукашенко ўзбек оилаларига Беларусга бориб яшашни таклиф қилди

Kecha 12:152 daqiqa

У Ўзбекистонда сув етишмаслиги ва ер масаласида муаммолар борлигини айтиб, ўзининг мамлакатида ресурслар кўплигини урғулади.

Лукашенко ўзбек оилаларига Беларусга бориб яшашни таклиф қилди © prezident.uz

Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Минскда бўлиб ўтган музокараларда ўзбекистонликларни оиласи билан бирга Беларусга кўчиб бориб, у ерда ишлашга чақирди. Бу ҳақда «Пул Первого» хабар берди.

Унинг айтишича, Беларусда меҳнаткаш ва малакали кадрлар етишмайди. У Ўзбекистонда сув ва ер билан боғлиқ муаммоли масалаларга тўхталиб, бундай муаммолар ўзи раҳбарлик қилаётган мамлакатда йўқлигини айтди. Шу боис у ўзбекистонликларни ватанига таклиф қилди.

«Ўзбекистонда сув ва ер етишмаслиги ҳам борлиги ҳақида гапиришади, қанийди кўпроқ бўлса яхши эди. Беларусда эса буларнинг барчаси бор. Лекин баъзида ишчи кучимиз етишмайди. Шунинг учун биз ўзбекларнинг, айнан ўзбекистонликларнинг оилалари билан Беларусга келишини, шу ерда яшашини, керак бўлса соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ёрдам олишини ҳамда ривожланишини истардик», — деди Лукашенко.

У беларусликлар ўзбекистонликларга жуда яхши муносабатда эканини урғулаб, биргаликда ишлашга чақирди.

«Беларусь ерлари бўшаб қолмаслиги керак. Келинг, биргаликда ишлайлик. Беларуслар ўзбекларга жуда яхши муносабатда. Худди шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ҳам беларусларга яхши муносабатда. Бундан фойдаланиш керак. Келинг, бир-биримиз томон ҳаракат қилайлик», — таъкидлади у.

Лукашенко икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга алоҳида тўхталиб, бу муносабатлар меҳнат миграцияси ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун яхши асос бўлишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 8–9-июль кунлари Беларусда расмий ташриф билан бўлди. Ташриф давомида бир нечта ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида айнан ўзбекистонликларни Беларусда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим ҳам бор.

Teglar

Mavzuga oid