Марказий банк асосий ставкани ўзгартирадими? — Иқтисодчилар таҳлили

Kecha 08:552 daqiqa

29-апрелда Марказий банкнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Инфляция пасаяётган бўлса-да, Яқин Шарқдаги уруш ва энергия нархларининг эҳтимолий ошиши ставканинг пасайтирилишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Марказий банк асосий ставкани ўзгартирадими? — Иқтисодчилар таҳлили © vaqt.uz

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрича, Марказий банкнинг бўлажак йиғилиши ўта мураккаб ташқи ва ички шароитларда ўтади. Март ойида умумий инфляция 7,1 фоизга, базавий инфляция эса 5,7 фоизгача секинлашган. Бу кўрсаткичлар асосий ставка ва инфляция ўртасида сезиларли ижобий фарқни (6,9 фоиздан 8,3 фоизгача) юзага келтирган. Шунингдек, апрель ойида сўмнинг долларга нисбатан 1 фоизга мустаҳкамлангани импорт инфляцияси босимини юмшатишга хизмат қилмоқда. Бироқ, бу ижобий омиллар ставкани тушириш учун етарлими?

Холбоев ставкани ўзгаришсиз қолдиришга ундайдиган бир нечта жиддий хатарларни санаб ўтди.

Биринчидан, ялпи талаб омили: Ўзбекистон иқтисодиёти биринчи чоракда рекорд даражадаги 8,7 фоизга ўсди. Бундай тез ўсиш иқтисодиётда инфляциянинг талаб омиллари ҳамон кучли эканини англатади.

Иккинчидан, ташқи шарт-шароитлар: Яқин Шарқдаги эскалация нефт нархининг урушдан олдингига нисбатан 50 фоизга қимматлашига сабаб бўлди. Энергия ресурсларини нетто-импорт қилувчи Ўзбекистон учун бу кечикиб бўлса ҳам инфляция босимини келтириб чиқаради.

 

Энергия тарифлари ва кутилмалар

Яна бир муҳим хавотир — май ойида энергия ресурслари нархининг ошиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлардир. Гарчи расмий маълумот бўлмаса-да, бундай гап-сўзларнинг ўзиёқ аҳолининг инфляцион кутилмаларига салбий таъсир кўрсатади. Агар тарифлар ошса, бу энергия интенсив товарлар нархини ҳам юқорига итаради. Бундай вазиятда Марказий банкнинг ставкани пасайтириши кутилмаларни янада ёмонлаштириб юбориши мумкин.

Глобал миқёсда ҳам йирик Марказий банклар (ФЗТ, Европа МБ) ва қўшни Қозоғистон Марказий банки (ставка 18 фоиз) ноаниқликлар туфайли ставкаларни ўзгаришсиз қолдирди.

Хулоса қилиб айтганда, Миркомил Холбоев Марказий банк мавжуд рискларни ҳисобга олган ҳолда асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиришини тахмин қилмоқда. Яқин Шарқдаги вазият ва ички тарифлар масаласи ставкани сақлаб қолиш учун етарли асос бўлиб хизмат қилади.

«Агар энерготарифлар ошса, асосий ставка кўтарилишини истисно этмаган бўлардим»

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг Vaqt.uz’га тақдим этган изоҳига кўра, мавжуд реалликларда асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилиши эҳтимоли юқори.

Унинг фикрича, қарорга ташқи омиллар — Яқин Шарқдаги уруш яратаётган ноаниқликлар ва импорт инфляцияси босими, ички омиллар — тартибга солинадиган нархлар, хусусан, энерготоварлар бўйича тарифларнинг ошиши кутилмалари, иқтисодий фаолликнинг тезлашгани кабилар сезиларли таъсир кўрсатади.

«Агар энерготарифлар турли манбаларда айтилганидек, 10 фоиз ва ундан кўпга ошса, асосий ставка бир муддат кўтарилишини ҳам истисно этмаган бўлардим», дейди Бакиров.

Teglar

Mavzuga oid