Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш кодекси ишлаб чиқилади

Bugun 11:551 daqiqa

Мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини ягона ҳуқуқий асосга солиш мақсадида 2027 йил охиригача янги кодекс ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш кодекси ишлаб чиқилади © Google Maps / Madinabonu Xolmuminova

Ўзбекистон Республикасида Соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирнинг биринчи ўринбосари Алишер Бобоев раислик қилди ва соҳадаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Йиғилишда вазирлик бошқармалари ва тузилмалари раҳбарлари билан бир қаторда халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди. Жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва UNICEF'нинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари экспертлари жараёнга жалб қилинган.

Маълум қилинишича, айни пайтда соғлиқни сақлаш соҳасидаги муносабатлар 76 та қонун ва 400 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бу эса тизимдаги ҳуқуқий базанинг тарқоқлиги ва айрим ҳолларда такрорланиш ҳолатларини келтириб чиқараётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан барча нормаларни бирлаштирувчи ягона кодекс ишлаб чиқиш зарурати таъкидланди. Кодекс лойиҳасини тайёрлашда халқаро тажриба ва экспертлар фикрига таяниш режалаштирилган.

Режага кўра, мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш 2027 йил декабригача якунланиши кўзда тутилган. Бу орқали соҳадаги қонунчиликни тизимлаштириш ва ягона ҳуқуқий манбани шакллантириш имконияти яратилади.

Кодекс қабул қилиниши натижасида қонуности ҳужжатлар сони қисқариши, тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучайиши ва аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid