Рақобат қўмитаси 237 та дорихона дори нархларини ошириб қўллаганини аниқлади
Текширувлар давомида аниқланган 148 810 та ҳолат бўйича дорихоналарнинг 1,9 млрд сўмлик асоссиз даромади истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
© Ijtimoiy tarmoqlarРақобат қўмитаси 2026 йилнинг II чораги давомида дори воситалари учун белгиланган чекланган савдо устамаларини ошириб қўллаш ҳолатларини аниқлади.
Қўмита маълумотига кўра, қоидабузарликлар солиқ органлари тизими орқали аниқланиб, «Fair Tech» ягона ахборот тизимига юборилган маълумотлар асосида ўрганилган.
Натижада 237 та дорихонада дори воситалари белгиланган меъёрдан юқори устама билан сотилгани маълум бўлди. Улардан 33 таси улгуржи, 204 таси эса чакана савдо билан шуғулланувчи дорихоналар ҳисобланади.
Минглаб қоидабузарлик аниқланди
Ўрганишлар давомида ушбу дорихоналарда жами 148 810 та ҳолатда белгиланган савдо устамалари ошириб қўллангани қайд этилди.
Бунинг натижасида дорихоналар томонидан 1,9 млрд сўм миқдорида асоссиз даромад олингани аниқланган.
Рақобат қўмитасига кўра, ушбу маблағлар бўйича истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шунингдек, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўрилди.
«Қўмита томонидан мазкур йўналишдаги ишлар давом эттирилиб, қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйган дорихоналарга нисбатан чора кўриш давом эттирилади ҳамда уларнинг рўйхати очиқ тарзда эълон қилиб борилиши маълум қилинади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси «Анор Банк»ни реклама қонунчилигини бузгани учун жаримага тортган эди.





