Россиянинг ҳарбий харажатлари 190 млрд долларга етиб, СССР давридан бери рекорд ўрнатди — SIPRI

Kecha 07:552 daqiqa

2025-йил якунларига кўра, Россия армияга сарфлаётган маблағларини урушдан олдинги даврга нисбатан 96 фоизга оширди. Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) ҳисоб-китобларига кўра, бу замонавий Россия тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Россиянинг ҳарбий харажатлари 190 млрд долларга етиб, СССР давридан бери рекорд ўрнатди — SIPRI

Россиянинг ҳарбий харажатлари 2025-йилда 190 млрд долларга етди. Бу ҳар ойда ўртача 15,8 млрд доллар ёки ҳар соатда қарийб 22 млн доллар сарфланганини англатади. SIPRI экспертларининг таъкидлашича, мамлакат тарихида илк бор давлат харажатларининг 20 фоизи бевосита армияга йўналтирилди. Агар яширин ва билвосита ҳарбий харажатларни ҳам қўшсак, Кремл федерал бюджетнинг 38 фоизи (қарийб 16 трлн рубл)ни мудофаа ва хавфсизлик учун сарфлаган.

Бу маблағлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларидан 2,5 баравар, иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлардан эса 3,6 баравар кўпдир. Таққослаш учун: Россия армиясининг бир йиллик харажати бутун олий таълим тизими учун ажратилган 8,5 йиллик бюджетга тенг. Ушбу кўрсаткичлар билан Россия ҳарбий бюджет ҳажми бўйича дунёда АҚШ (954 млрд доллар) ва Хитойдан (336 млрд доллар) кейин учинчи ўринни эгаллаб турибди.

 

Арзон қуролларга ўтиш стратегияси

Шу билан бирга, SIPRI таҳлилчилари Россиянинг ҳарбий харидларида стратегик ўзгаришлар юз бераётганини қайд этмоқда. Украинадаги тўқнашув узоқ давом этувчи «депсинган уруш»га айланиб қолгач, Москва операцион харажатларни камайтириш мақсадида арзонроқ қурол тизимларига эътибор қарата бошлади. Хусусан, қимматбаҳо самолётлар ва бронетехника йўқотишларининг ўрнини тўлдириш учун дронлардан фойдаланиш кўлами кескин кенгайтирилди.

Иқтисодий босим ва санкцияларга қарамай, Россия ҳозирча ҳарбий харажатларни оширишда давом этмоқда. Бироқ бюджетдаги яширин моддаларнинг улуши 79 фоизгача кўтарилгани молиявий шаффофликнинг йўқолаётганидан далолат беради.

Экспертларнинг фикрича, бундай улкан ҳарбий юк узоқ муддатда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, айниқса соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларининг ривожланишини секинлаштирувчи асосий омилга айланади.

Teglar

Mavzuga oid