Санъаткорлар "бечора"ми?
Тўйда доллар, солиқда нол: Санъаткорлар учун “имтиёзли ҳаёт” тугайдими?
Ҳаммамиз билган ободонлаштириш ходимлари тахминан 2 миллиондан 4 миллионгача ойлик олишади. Шифокорлар ҳам 3 миллиондан 5 миллионгача пул топишади. Ўқитувчиларнику ҳамма билади — неча йиллардан бери юкламаси ошса ҳам, ойлиги 1000 $ бўлмади. Юқорида санаганимиз соҳа эгаларининг барчаси кам пул топса ҳам, ойликдан ойликка зўрға етказаётган бўлса ҳам, даромад солиғини тўлайди.
Йиллар давомида тўйларда соатига минглаб доллар олиб, солиқ тўлашга келганда «бечора»га айланадиган санъаткорларимиз эса… Бугун сиз билан бир неча кундан буён муҳокама бўлаётган санъаткорларнинг солиқ тўлаши масаласини таҳлил қиламиз.
Аслида санъаткорларнинг солиқ тўлаш масаласи бир неча йилдан бери жамоатчилик томонидан муҳокама қилиб келинади. Ҳукумат ниҳоят 2026-йилга келиб уларга берилган имтиёзларни камайтириб, барча каби солиқ тўлаш масаласини кўриб чиқмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасида санъаткорлардан ҳар бир тўй ва концерт учун алоҳида солиқ ундириш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб ижрочилар ва ижодий жамоаларнинг ижодий фаолияти билан боғлиқ барча хизматлари «Солиқ» мобил иловасида рўйхатга олинади.
Санъаткорлар 2026-йил 1-сентябрдан 2029-йил 1-январга қадар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини «бир хизмат — бир тўлов» тамойили асосида иловага мувофиқ қатъий миқдорларда амалга оширади.
Улардан мобил иловада хизмат кўрсатиш жойи, санаси тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш талаб қилинади. Иловада ижрочилар томонидан тегишли маълумотлар киритилгандан ва белгиланган миқдордаги тўлов амалга оширилгандан сўнг автоматик тарзда электрон маълумотнома шакллантирилади.
Санъат вакиллари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби қолганларникидек 12 фоиз кўринишида бўлмайди. Ҳукумат бу учун ҳам тизим таклиф қилмоқда.
Камбағал мард бўлади деб бекор айтилмаган. Арзимаган ойлигига 12 % солиқ тўлаб «ғиқ» этмайдиган соҳа эгаларини биласиз. Аммо, халқ таниган, ардоқлаган санъаткорларнинг реакцияси кутилганидек бўлмади.
Санъаткор солиқ тўламаслиги керакми? деган савол бугун кун тартибида.
Хонанда Самандар Ҳамроқулов санъаткорларнинг пул топиш манбаи фақат тўй эканини таъкидлаб, уларнинг аксарияти йиллаб қарз тўлаши, кредити борлигини айтиб биринчилардан бўлиб енгиллик сўраганлардан бўлди.
«Бунакa солиқни қўяётган пайтда ҳисобга олиш керак-да ҳар томонлама. Бечора санъаткорларни ҳайдаб юрган ялтироқ машиналари — кредит. Кўпчилигининг қарзи жуда кўп. Шунинг учун мен шахсан илтимос қилардим, санъаткорларга озгина енгиллик қилиб берилса яхши ижод маҳсуллари бўларди… Санъаткорлар инсонларни тарбия қилади», — дейди у.
Хонанда Ҳамроқуловнинг бу чиқиши кўпчиликда кредитни фақат санъаткор оладими деган саволни пайдо қилди. Ўқитувчи уй олиш учун кредит олади, деҳқон трактор учун кредит олади, тадбиркор ишини юритиш учун олади.
Фарқи шундаки, улар кредитини тўлаш билан бирга солиғини ҳам тўлайди. Санъаткор эса…
Бу норозиликка ўзбек примадоннаси дейиладиган, санъаткорларнинг онаси Юлдуз Усмонова ҳам қўшилди. Усмонова аввал қўшиқлари учун ҳақ йиғиб берилиши, ана ундан кейин солиқ масаласи ҳақида гапириш мумкинлигини айтмоқда.
«Агар санъаткорлар исрофгарчилик бўлса, унда бизни умуман чақирманглар. Воз кечинглар биздан. Қўйинглар, санъаткорларни қириб юборинглар. Ўзларингиз ўтказаверинглар, хатми Қуръон қилиб, ақиқа қилиб. Нима бўлади? Ким ишлайди?» — дея кескин фикр билдирди у.
Юлдуз Усмонованинг таъкидлашича, санъаткорлар жамиятда муҳим ўрин тутади ва улар «халқнинг юзи» ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг ташқи кўриниши, саҳнадаги чиқишлари ва умумий имижи катта маблағ ва меҳнат талаб қилади. Бироқ бу меҳнат кўпинча етарли даражада қадрланмайди.
У, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқлари масаласини ҳам кўтарди. Унинг айтишича, ўзининг қўшиқлари йиллар давомида турли тадбирларда, тўйларда ижро этилиб келинмоқда, бироқ бунинг учун деярли ҳеч қандай ҳақ олинмаган.
«Аввал қўшиқларим учун ҳақни йиғиб беринглар, кейин солиқ ҳақида гапиринглар», — деди Юлдуз Усмонова.
У якунда масъулларга мурожаат қилиб, санъатни қўллаб-қувватлаш, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва солиқ сиёситини соҳа хусусиятларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Таклиф қилинаётган лойиҳага қарши санъат вакиллари кўп бўлишига қарамай, бу тартибни қўллаб-қувватловчилар ҳам топилмоқда.
Хонанда Даврон Эргашев санъаткорлар халқнинг аксарият қисмидан кўп даромад қилишини таъкидлаб, солиқ тўлашга ижобий қарашини билдириб ўтди.
Солиқ тўлашга рози бўлиб, шарт қўяётган санъаткорлар ҳам йўқ эмас албатта.
«Бир санъаткор фуқаро сифатида шу мамлакат йўлларида юряпмиз, маза қилиб яшаяпмиз, ҳаётимдан мамнунман. Булар учун топган пулимнинг бир қисмини тўлашим керак бўлса, бош устига. Лекин кейин мени ҳеч ким безовта қилмасин, солиқ тўловчи сифатида мустақил инсон бўлай. Кимдир юқоридан айтди, фалон жойга бор, дейишмасин. Нега мен бировнинг тўйига бепул боришим керак? Пулини берсин — бориб қўшиқ айтаман, солиғини ҳам тўлайман», — дея таъкидлади хонанда.
Унинг қайд этишича, хонандалар даромадидан солиқ олиш тизими ишга тушгач, «Ўзбекконцерт» ташкилоти ва лицензия тизими тугатилиши керак.
«Хўп, бизга солиқ белгиланяпти. «Ўзбекконцерт» нима бўлади? Санъаткорлар мустақил ижодкор сифатида бу ташкилот билан алоқа қилмаслигининг иложи борми? «Ўзбекконцерт»дан қутулишимиз мумкинми? Бир мусиқачи сифатида «Ўзбекконцерт»нинг менга керагини ҳис қилмайман, ҳеч қандай. Фақат баъзан хизматларга таклиф этишади. Лекин у бизга халақит қилиши мумкин, ўша пайтда боролмасак, қандайдир муаммо келиб чиқиши мумкин. Буни ҳаммамиз жуда яхши биламиз, бундай муаммоларни очиқ айтиш керак», — дейди у.
«Бу гапларимни «Ўзбекконцерт»дагилар нотўғри тушунар, бу уларнинг муаммоси. Мен ҳар доим рост гапирадиган инсонман. Майли, биз солиқ тўлайлик, лекин «Ўзбекконцерт» билан ҳамкорлик қилмайлик. Бу ташкилот томонидан ўз ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қилинган, деб ҳисобламайман. Тўғри, улар ҳозирги пайтда мени ҳеч қандай мажбурий бир ишга жалб этишмади. Олдин эса бор эди, қайсидир тўйга бормасангиз, лицензиядан маҳрум қилишарди. Ҳатто жиноий жавобгарликка тортилган пайтларим ҳам бўлган. Ҳозирги вақтда «Ўзбекконцерт» биз билан яхши муносабат қилади. Лекин ушбу ташкилотга нисбатан менда психологик травма қолган», — дея қўшимча қилди Жаҳонгир Отажонов.
Санъаткорлар саҳнада «Одамлар бизга эришади, бизни тинглайди, кийимимизни кўради, ҳаёт тарзимизни тарғиб қилади» деб фахрланади. Лекин солиқ тўлашга келганда «Биз ижодкормиз, бизга оғир» дейишмоқда.
Энди энг қизиқ томони, агар бу тартиб жорий этилса солиқ қанча бўлади?
Санъат вакиллари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби қолганларникидек 12 фоиз кўринишида бўлмайди. Ҳукумат бу учун ҳам тизим таклиф қилмоқда.
Ҳамма санъаткор ҳам бир хил даромад топмайди. Шундай экан янги тизимда рейтинг гуруҳлари бежиз киритилмаган.
Унга кўра, 2026-йил 1-сентябрдан 2029-йил 1-январга қадар «бир хизмат – бир тўлов» миқдорлари ҳудудларга қараб фарқ қилади ва санъаткорлар рейтинг тоифаларига бўлинади.
I рейтинг гуруҳи санъаткорлар қишлоқ жойларда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 баробари — 412 минг сўм солиқ тўласа, шаҳар жойларда БҲМнинг 3 баробари миқдорида — 1 млн 236 минг сўм бюджетга тўлов қилади. Бу чет эл валютасида 100 долларга ҳам бормайди.
III рейтинг гуруҳи вакиллари эса қишлоқ жойларда БҲМнинг 0,25 баробарида, 103 минг сўм миқдорида солиқ тўлаши керак бўлади.
Бунда тўловлар бепул асосда хизмат кўрсатилган тақдирда ҳам ундирилади. Бироқ, Маданият вазирлиги томонидан давлат тадбирларига бепул жалб қилинган ҳоллар бундан мустасно.
Таклиф қилинаётган тизимда ҳудудлардаги иқтисодий ҳолат ва санъат вакилларининг рейтинги, бу орқали топадиган даромади инобатга олинган.
Ҳамма каби 12 фоизли даромад солиғи 2029-йил 1-январдан бошлаб кучга киради. Унгача санъат вакилларида мослашиш учун бир неча йил вақт бўлади.
Солиқ — бу шунчаки қонуний мажбурият эмас. Бу цивилизациялашган жамиятда яшаш учун тўланадиган ижтимоий ижара ҳақи ва фуқаро билан давлат ўртасидаги ижтимоий шартномадир. Ҳар бир инсон хавфсиз кўчалар, сифатли таълим ва замонавий инфратузилмадан фойдаланар экан, бу неъматларнинг давомийлиги учун ўз ҳиссасини қўшиши адолатнинг асосий мезони ҳисобланади. Солиқдан қочиш эса жамиятнинг умумий ҳамёнига нисбатан бефарқликдир. Лекин бу икки томонлама мажбурият: фуқаролар тўласа, давлат ҳам йиғилган пулларни шаффоф ва самарали сарфлаши керак.
Юлдузлик — дахлсизлик эмас. Санъаткор ҳам оддий фуқаро. Қисқа қилиб: қонун олдида ҳамма тенг.
Teglar






