Logo

Тошкентда 10 минг экспонат сақланадиган Миллий музей қурилмоқда

Kecha 21:532 daqiqa

Майдоннинг 60 фоизи таълим ва илмий фаолиятга ажратиладиган янги музей бир вақтнинг ўзида 3500 нафаргача ташриф буюрувчини қабул қила олади.

Тошкентда 10 минг экспонат сақланадиган Миллий музей қурилмоқда © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахт марказида қурилаётган Ўзбекистон Миллий музейи иншоотининг барпо этилиш жараёни билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Йирик лойиҳа президентнинг 2025 йил 1 июлдаги қарори асосида амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари 2025 йил августда музей қурилишига тамал тоши қўйган. Ҳозир ҳудудда қурилиш-монтаж ишлари, пойдеворлар ва муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш жараёни давом этмоқда.

Мажмуанинг умумий майдони 3,9 гектарни, бино майдони эса 40 минг квадрат метрдан ортиқни ташкил этади. Иншоот 3 қаватли асосий бино ва 2 қаватли ер ости қисмидан иборат бўлади.

Лойиҳа япониялик меъмор Тадао Андо томонидан яратилган. Экспозиция концепциясини Германиянинг «Atelier Brückner» ташкилоти тайёрлаган. Музей Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий тараққиёт интилишларини намоён этадиган муҳим маданий маскан сифатида шакллантирилади.

Таълимга алоҳида эътибор

Музей майдонининг 60 фоизи таълим ва илмий фаолиятга ажратилади. Бу ерда кўргазма заллари, бой кутубхона, реставрация лабораториялари ва конференция заллари жойлашади.

«Оилалар ва ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун ресторанлар ҳамда болалар майдончалари ҳам ташкил этилади», — дейилади хабарда.

Мажмуа бир вақтнинг ўзида 3 минг 500 нафаргача ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Экспозицияда 10 мингга яқин тарихий ва санъат экспонати намойиш этилади.

Яхлит меъморий ансамбл

Бино қуриб битказилгач, атрофидаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Миллий боғ билан биргаликда яхлит меъморий ансамблни ҳосил қилади.

Франциянинг Лувр, АҚШнинг Метрополитен ва Британия музейлари каби дунёнинг нуфузли маданий муассасалари билан қўшма кўргазмалар ўтказиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Президент мутасаддиларга қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат стандартлари асосида бажариш бўйича топшириқлар берган.

Teglar

Mavzuga oid