Logo

180 млрд долларлик иқтисодиёт: мақсад қанчалик реал? — иқтисодчи таҳлили

Kecha 17:373 daqiqa

2025 йилда 147 млрд долларга етган Ўзбекистон иқтисодиёти олдида энди 180 млрд долларлик марра турибди. Бироқ бу мақсадга таъсир қилиши мумкин бўлган хавфлар ҳам йўқ эмас.

180 млрд долларлик иқтисодиёт: мақсад қанчалик реал? — иқтисодчи таҳлили © istock

Бугун давлат раҳбари жорий йил якунида Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 180 млрд долларга етиши кутилаётганини маълум қилди. Бу рақам сўнгги йилларда мамлакат иқтисодиёти учун қўйилган энг йирик марралардан бири ҳисобланади.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, ҳозирги макроиқтисодий кўрсаткичлар мазкур мақсадга эришиш эҳтимоли мавжудлигини кўрсатмоқда.

2025 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) реал кўрсаткичларда 7,7 фоизга ўсиб, 147 млрд долларга етган эди. Эътиборли жиҳати шундаки, доллар ҳисобидаги номинал ЯИМ бир йил ичида 21,1 фоизга ошган ва бу мамлакатнинг янги иқтисодий тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлган.

Таққослаш учун, бундан аввалги энг юқори натижа 2022 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда доллар ҳисобидаги ЯИМ ўсиши 16,1 фоизни ташкил қилган.

rasm

Manba: Mirkonmika

Икки асосий омил

Доллардаги номинал ЯИМнинг юқори суръатларда ўсиши одатда икки муҳим омилга боғлиқ: миллий валютада ҳисобланган иқтисодиёт ҳажмининг тез ўсиши ва миллий валюта курсининг барқарор ёки мустаҳкам бўлиши.

2025 йилда айнан шу икки омил бир вақтнинг ўзида ишлади. Мамлакат иқтисодиёти сўм ҳисобида 20,4 фоизга ўсди. Шу билан бирга, сўм йил давомида 7 фоизга мустаҳкамланди, йиллик ўртача курс эса 2024 йилга нисбатан 0,6 фоиз яхшиланди. Натижада иқтисодиётнинг доллардаги ҳажми рекорд даражада ўсди.

Жорий йилда эса иқтисодий фаоллик янада тезлашган. Биринчи чоракда ЯИМнинг реал ўсиши 8,7 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 фоиз банд юқори. Номинал ўсиш эса 20,1 фоизга етди.

Шу билан бирга, йил бошидан буён сўм курси нисбатан барқарор қолмоқда. Дастлабки беш ойда долларнинг ўртача курси 12 124 сўмни ташкил қилди. Агар ушбу тенденция йил охиригача сақланса, ўртача йиллик курс 2025 йилга нисбатан тахминан 3,6 фоизга мустаҳкамланган бўлади.

180 млрд доллар учун етарлими?

147 млрд долларлик иқтисодиётдан 180 млрд долларга чиқиш учун ЯИМ ҳажми тахминан 22–23 фоизга ўсиши лозим.

Миркомил Холбоев ҳисоб-китобларига кўра, агар иқтисодиётда юқори номинал ўсиш сақланса ва сўм курси кескин қадрсизланмаса, йил якунида доллар ҳисобидаги ЯИМ ўсиши 24 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Бу эса иқтисодиёт ҳажмини 180 млрд долларлик маррага етказиш учун етарли ҳисобланади.

Хавфлар сақланиб қолмоқда

Шу билан бирга, бир қатор ташқи ва ички хавфлар ҳам мавжуд. Март ойидан бошлаб кучайган геосиёсий таранглик энергия ресурслари нархининг ўсишига сабаб бўлди. Кейинчалик АҚШ ва Эрон ўртасида келишувга эришилгани вазиятни юмшатган бўлса-да, нефть нархлари ҳали ҳам аввалги даражадан юқори.

Ўзбекистон энергия ресурсларининг нет-импортёри ҳисобланади. Шу сабабли нефть ва газ нархларининг юқори бўлиши иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, валюта бозоридаги вазият ҳам муҳим аҳамиятга эга. Агар йилнинг иккинчи ярмида сўмнинг қадрсизланиши тезлашса, бу доллар ҳисобидаги ЯИМ ўсишини секинлаштиради.

Ҳозирги макроиқтисодий кўрсаткичлар ва биринчи чоракдаги натижалардан келиб чиқилса, 180 млрд долларлик иқтисодиёт мақсади аввалги йилларга нисбатан анча реал кўринмоқда. Бироқ якуний натижа иқтисодий фаоллик, энергия нархлари ва валюта курси динамикасига боғлиқ бўлиб қолаверади.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 152

Barchasi

Mavzuga oid