Банк карталари ва криптоҳамён маълумотларини бошқаларга берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Кибержиноятлардан жабрланганлар учун янги реабилитация тизими жорий этилиб, уларга ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилади.
© LegitPlayer28 апрел куни Қонунчилик палатасида кибержиноятларга қарши курашни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Унда банк карталари, электрон ва криптоҳамёнлар ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи маълумотларни бошқа шахсларга ноқонуний бериш ҳолатлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилган.
Лойиҳада ахборот технологиялари орқали содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши кураш тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган. Хусусан, кибержиноятларга қарши курашда иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш мажбурияти кимнинг зиммасида
Ҳужжатга кўра, Ички ишлар вазирлиги мазкур соҳада ваколатли орган сифатида белгиланади. Шу билан бирга, давлат идоралари, банклар, тўлов ташкилотлари ва интернет-провайдерлар зиммасига ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шубҳали молиявий операцияларни мониторинг қилиш ва ваколатли органларга тезкор ахборот тақдим этиш мажбуриятлари юкланади.
Реабилитация институти
Қонун лойиҳасида кибержиноятлардан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш институти ҳам жорий этилмоқда. Бу орқали фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, уларнинг манфаатларини тиклаш, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда молиявий ва рақамли саводхонликни ошириш бўйича механизмлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, шубҳали транзакцияларни барвақт аниқлаш ва уларни тезкор тўхтатиш, профилактика ишларини кучайтириш каби янги механизмлар назарда тутилган. Лойиҳада SIM-карталар, шахсий аккаунтлар ва идентификация воситаларини бошқаларга ноқонуний бериш ёки улардан фойдаланиш ҳолатлари учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бундан ташқари, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади. Банк ва тўлов ташкилотлари айби билан юзага келган зарарни қоплаш механизми ҳам киритилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар айрим нормаларни такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирди. Якунда қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқулланди.





