add

Шаҳар ҳокими маслаҳатчиси Янги Тошкентнинг қурилиш жараёнлари ҳақида гапириб берди

Kecha 08:283 daqiqa

Алишер Тўхтаевнинг айтишича, янги шаҳардаги кўп қаватли уйлар ҳовлиларига автомобиллар ер ости йўллари орқали кириши мумкин бўлади.

Шаҳар ҳокими маслаҳатчиси Янги Тошкентнинг қурилиш жараёнлари ҳақида гапириб берди

Янги Тошкент шаҳри қарийб 20 минг гектар ҳудудда барпо этилади ва ҳозирги пайтда унинг 6 минг гектарида фаол қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «O‘zbekiston24» телеканалидаги эфирга узатилган «Юзма-юз» кўрсатувида Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдуқаҳҳор Тўхтаев маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Янги Тошкент 20 минг гектарга яқин ҳудудда жойлашади. Биринчи навбатда 6 минг гектарда қурилиш монтаж ва бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. 

«Инсон омили, инсон қулайлиги учун ҳамма қулайликлар яратилган бино ва иншоотлар қуриляпти. Шоҳ кўчадан шундоқ кириб келганимизда биринчи чорраҳада ер ости автомобил тўхташ жойлари ташкил қилинган. 500 та автомобилга мўлжалланган тўхташ жойлари, бу фақатгина ер ости тўхташ жойлари эмас, бу ерда кўп қаватли уйлар қурилаётган биноларнинг ҳовлисига ер ости йўллари орқали автомобил боради, яъни бинонинг тагида ҳам тоннел бор ва унинг ҳовлисида ер ости тўхташ жойлари. Чиқиш жойлари ҳам алоҳида, кирган чорраҳа орқали чиқиб кетилади. Бу экологияни назарда тутиб, ҳал қилинган ижобий ишлардан бири», —  деди Тўхтаев.

Шунингдек, унинг айтишича, ер ости коллектори деб аталувчи махсус тоннеллар орқали электр, интернет, алоқа кабеллари ҳамда сув, иссиқлик ва совутиш қувурлари жойлаштирилади. Ўлчами 6х6 метр бўлган бу иншоотларга техника ҳам кира олади, таъмирлаш ишлари ер ковламасдан амалга оширилади.

«Биз шаҳарда ер ости муҳандислик иншоотларида авария ҳолатлари бўлса ерларни ковлаймиз, қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бу ерда эса янгилик киритилганки, ер ости коллекторлари ташкил қилиняпти. Биз юқорида айтган чорраҳадан ер ости йўлига тушганимизда у ерда яна ҳар бир бинога борувчи иншоотлар қурилган яъни бу коллекторлар, иккитадан. Ўчамлари 6х6 метр . Техника ҳам кира олади. Ана у ерда коммуникация, муҳандислик тармоқлари жойлаштириляпти. Бири қуруқ ер ости иншооти яъни кабеллар, интернет кабеллари, алоқа кабеллари, кучланиш кабеллари жойлашган бўлса, иккинчисида совуқ сув, иссиқ сув ҳамда пар, ёз мавзумларида совуқ ҳаво юборувчи қувурлар ётқизилади. Уларни иш жараёнида эксплутация қилиш осон. Муҳандислар, ишчи хизматчилар мана шу тоннеллар орқали уларни кўриб туради ва керак бўлган вақтда мана шу тоннеллар орқали таъмирлаш ишлари амалга оширилади», — деди ҳоким маслаҳатчиси.

Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг айтишича, энергия таъминоти масаласида эса газ асосида маҳаллий генерация тизими йўлга қўйилади. Шу ернинг ўзида электр энергияси ишлаб чиқарилиб, биноларга узатилади. Иссиқлик ва совутиш тизимлари марказлашган ҳолда бошқарилади, биноларга ҳисоблагичлар ва автомат бошқарув пултлари ўрнатилади.

«Энди бу ерда бажариладиган ишларнинг ҳажмини кўрадиган бўлсак, газ орқали ер ости гази келиб генерация шу ернинг ўзида ташкил қилинади. Генерациядан электр энергияси олинади ва биноларга етказиб берилади.

Иккинчиси — иссиқлик манбаи яъни иссиқ сув, иссиқ пар етказиб берилади. 

Табиий савол туғилади, булар қандай қилиб қабул қилади?  Биноларга муҳандислик қувурлари орқали ҳисоблагичлар ўрнатилган ва у ерда қиш вақти пар юборилади ва у орқали иссиқлик манбаи хоналарга тарқатилади. Уни бошқариб туриш учун бошқарув пултлари ўрнатилади. Ёз мавсумида эса совуқ ҳаво юборилади. Бунда ташқарига кондиционерлар ўрнатиш йўқолади», — деди ҳоким маслаҳатчиси.

Қурилишда энергия тежамкор материаллардан ҳам фойдаланилаётгани айтилди.

«Тураржой бинолари, ўқув юртларида иссиқлик манбаини сақлаш учун базалтдан линзалар ишлаб чиқариляпти, ёзнинг иссиқ кунларида биноларнинг ташқи томонига ўрнатилади ва бино ичкарисига иссиқ кирмайди, қишда эса бинодаги иссиқ ҳаво ташқарига чиқиб кетмайди, қозонхоналарга ҳожат қолмайди», — деди Тўхтаев.

Маълумот учун, Янги Тошкент қурилиши 2023 йилда бошланган эди. Бугунга келиб илк иншоотлар қад кўтариб қолди. Бунёдкорлик учун Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 700 гектар ер ажратилган. Лойиҳанинг концепцияси Буюк Британиянинг Cross Works компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳа тўлиқ якунланганида 2 миллион нафар одам яшайдиган маконга айланади. Ҳозирги кунда шаҳарнинг «таги» — ерости муҳандислик тармоқлари қурилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid