Logo

Доллар уч йиллик минимумни янгилади. Энди нима бўлади?

Kecha 18:252 daqiqa

Долларнинг 14 сентябрдан амал қиладиган расмий курси 11 765,76 сўм этиб белгиланди. Бу 2023 йил августидан бери энг паст кўрсаткич. Йил бошидан АҚШ валютаси қарийб 2,2 фоизга арзонлади. Курснинг тушиши давом этяпти, аммо бу доллар энди фақат арзонлашади, дегани эмас.

Доллар уч йиллик минимумни янгилади. Энди нима бўлади? © Foto: Bloomberg

Марказий банк 14 сентябрь учун долларнинг расмий курсини 11 765,76 сўм этиб белгилади. Бу 11 сентябрда амал қилган курсдан 17,71 сўмга паст.

Шу тариқа, доллар уч йиллик минимумни янгилади. Аввалги энг паст кўрсаткич 26 августда қайд этилганди — 11 778,52 сўм. Янги курс ундан яна 12,76 сўмга пастлади. 9 сентябрдаги 11 813,21 сўмлик даражага нисбатан эса пасайиш 47,45 сўмни ташкил қилди. Марказий банк архиви.

2025 йил охирида доллар 12 025,33 сўм бўлган. Шу базадан ҳисоблаганда, йил бошидан АҚШ валютаси 259,57 сўмга ёки қарийб 2,2 фоизга арзонлаган.

Бу сезиларли ўзгариш. Лекин янги минимумнинг ўзи кейинги ҳафта ёки йил охирида курс қандай бўлишини айтиб бермайди.

Нега доллар арзонлашяпти?

Аввалги таҳлилда келтирилган омиллардан бири — ички бозорда валюта таклифининг талабдан тезроқ ўсгани.

Марказий банкнинг январь—июль маълумотларига кўра, аҳоли ва корхоналарнинг чет эл валютасига талаби 17,7 фоизга ўсиб, 38,2 млрд долларга етган. Улар томонидан таклиф қилинган валюта ҳажми эса 28 фоизга кўпайиб, 33 млрд долларни ташкил этган.

Яъни долларга эҳтиёж камаймаган. Валюта сотуви ундан тезроқ ўсган. Аҳоли етти ойда банкларга 14,6 млрд доллар сотиб, улардан 8,2 млрд доллар харид қилган. Фарқ — 6,4 млрд доллар.

Пул ўтказмалари ҳам валюта киримини қўллаб-қувватлаган. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга хориждан 9,3 млрд доллар келган — бир йил аввалгидан 13 фоиз кўп. Ташқарига ўтказилган 1,3 млрд доллар ҳисобдан чиқарилса, соф кирим қарийб 8 млрд доллар бўлади. Марказий банк шарҳи.

Бу маблағларнинг ички бозорда сўмга айирбошланиши валюта таклифини оширади. Бироқ ярим йиллик ёки етти ойлик рақамлар сентябрдаги ҳар бир кунлик пасайишни тўлиқ тушунтирмайди. Улар сўмнинг мустаҳкамланиши учун қандай шароит шаклланганини кўрсатади.

Пасайиш қанча давом этади?

Бунга аниқ муддат айтиш қийин. Чунки сўмни қўллаб турган валюта киримлари билан бирга, долларга талабни оширадиган омиллар ҳам бор.

Масалан, январь—июлда импорт 17,8 фоизга кўпайиб, 29,6 млрд долларга етган. Экспорт эса 3,6 фоизга қисқариб, 19,9 млрд доллар бўлган. Ташқи савдо тақчиллиги 9,7 млрд долларни ташкил қилган — бир йил аввалгидан қарийб 2,2 баравар кўп. 

Шу билан бирга, олтинсиз товарлар экспорти 27,7 фоизга ўсган. Демак, умумий экспорт камайганидан барча йўналишларда тушум пасайяпти, деган хулоса чиқариб бўлмайди.

Импорт тўловлари, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш ва корхоналарнинг йирик харидлари валютага талабни кучайтириши мумкин. Пул ўтказмалари ёки экспорт тушумлари секинлашса, сўмни қўллаб турган омиллар ҳам заифлашади.

Шу сабабли ҳозирги минимумни доимий курс сифатида қабул қилиш эрта. Кейинги ҳаракат валюта кирими ва унга эҳтиёж қандай ўзгаришига боғлиқ.

Teglar

Mavzuga oid