Фарғона вилояти раҳбариятига экспортни 2 млрд долларга етказиш топширилди

Президент Шавкат Мирзиёев вилоятда экспортни 2 баробар ошириш ва инвестицияларни кескин кўпайтириш вазифасини қўйди.

Фарғона вилояти раҳбариятига экспортни 2 млрд долларга етказиш топширилди © prezident.uz

Жорий йил Фарғона вилояти раҳбарияти олдида иқтисодиётни 9,1 фоизга, саноатни 9 фоизга ўстириш вазифаси турибди. Бу ҳақда бугун, 28-апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказаётган йиғилишда маълум қилинди.

Қилинган ишлар

Давлат раҳбари аввало кейинги йилларда вилоят иқтисодиётида рўй берган ўзгаришларга тўхталиб ўтди. Илгари вилоят даромадининг 70 фоизи нефт-кимё ва қурилиш материаллари соҳасидаги 6-7 та йирик корхона ҳисобидан шаклланарди. Ўтган даврда вилоятда 8 миллиард 200 миллион доллар инвестиция эвазига 8 мингта замонавий қувватлар ишга тушди, тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс берилди, тижорат майдони 10 миллион квадратга кўпайди, 13,5 минг кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ўсди.

Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар 3 баробарга ошди. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушди. Маҳаллий бюджет бўйича ҳокимларга жуда катта имконият яратилгани учун бу йил биринчи чоракда ҳар бир туманда камида 5-10 миллиард сўм қўшимча маблағ қолди.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш

Илгари Марғилонда бир хонадонда ўртача 2-3 оила яшарди. Бир йилда Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларининг ўзида 241 та эски ҳовлилар ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. Марғилоннинг Наврўз маҳалласида барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон» массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб киради. Бундай ишлар Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам жадал кетмоқда.

Сўнгги ўн йилда Фарғонада 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ҳамда 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилди. Шу билан бирга, 167 та хусусий мактаб пайдо бўлди, уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим оляпти. Таълим сифати кескин ошгани учун ёшларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи бўйича вилоят республикада 3-ўринга кўтарилди.

Тиббиётда ҳам ўзгаришлар катта. Биргина Бешариқ туманида ўн йил олдин атиги 2 та хусусий клиника бўлган бўлса, ҳозир 50 тага етди.

Экспортни 2 карра кўпайтириш вазифаси

Вилоятда 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилди, яна 6 минг гектари янгиланди. Бугун ишнинг кўзини билган боғбонлар гектаридан 500 миллион сўмгача даромад оляпти. Мева-сабзавот экспорти 3 карра кўпайиб, 400 миллион долларга етди. Бу республикада энг яхши кўрсаткич.

Фарғона, Сўх, Қува туманлари, Марғилон ва Қўқон шаҳрида туризм жадал ўсмоқда. Тўққиз йилда 3 минг ўринли меҳмонхона ва меҳмон уйлари ишга тушди. Ўтган йили хорижий туристлар илк бор 500 мингдан, маҳаллий сайёҳлар эса 3 миллиондан ошди. Туризм экспорти 185 миллион долларга етди.

«Фарғона аҳли биздан янада катта натижа кутяпти», – деди Президент.

Жорий йил Фарғона вилояти раҳбарияти олдида иқтисодиётни 9,1 фоизга, саноатни 9 фоизга ўстириш, 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиш, экспортни 2 карра кўпайтириб, 2 миллиард долларга етказиш вазифалари тургани кўрсатиб ўтилди.

Teglar

Mavzuga oid