Фарғонада пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилади

Фарғона вилоятида кам ҳосилли пахта ва ғалла ерлари қисқартирилиб, улар ўрнида интенсив боғлар ва экспортбоп экинлар етиштириш кенгайтирилади.

Фарғонада пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилади © Президент матбуот хизмати

28 апрел куни Президент бошчилигида бўлиб ўтаётган йиғилишда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш чоралари муҳокама қилинди. Йиғилишда давлат раҳбари ҳудудда кам ҳосилли ерларни қайта ихтисослаштириш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади.

Қанча майдон қисқартирилади?

Хусусан, Фарғона, Ёзёвон, Қува ва Ўзбекистон туманларида жами 7 минг 400 гектар пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш режалаштирилган. Ушбу ерлар ўрнида юқори даромад келтирувчи боғдорчилик ва бошқа самарали йўналишлар жорий этилади.

Қисқартирилган майдонлардан фойдаланиш тартиби

Жорий йилда Фарғона ва Ўзбекистон туманларида 4 минг 400 гектар майдонда ўрик, олхўри, бодом ва малина плантациялари ташкил этиш белгиланди. Қува туманида 1 минг 200 гектар майдонда экспортбоп гилос навлари экилади. Ёзёвон туманида эса 1 минг 800 гектарда чўл шароитига мос юқори ҳосилли шоли етиштириш режалаштирилган.

Шунингдек, Ёзёвонда шоличилик мактаби ташкил этилиб, илк бор 100 гектар сув юзасида кассетали усулда органик шоли етиштириш синов тариқасида йўлга қўйилади. Бу янги технологиялар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Умуман, вилоятда 50 минг гектар кам ҳосилли ерлар ва самараси паст боғлар ўрнида супер интенсив боғлар барпо этиш бўйича йирик дастур ишлаб чиқилади. Биринчи босқичда 10 минг гектар саноатлашган боғлар учун техник-иқтисодий асос тайёрланади ва деҳқонларга имтиёзли молиявий хизматлар таклиф этилади.

Йил якунига қадар 611 минг тонна мева, 252 минг тонна узум, 1,8 миллион тонна сабзавот ва 119 минг тонна шоли етиштириш ҳамда мева-сабзавот экспортини 500 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Teglar

Mavzuga oid