Logo

Насия савдо, пенсия ислоҳоти ва парковкалардаги жарима

«Аввал иқтисод» кўрсатувининг 19-сонида иқтисодчи Отабек Бакиров билан насия савдо бозорини тартибга солиш, пенсия тизимидаги кутилган ўзгаришлар, бандлик статистикаси, пулли парковкалар ва P2P ўтказмаларини назорат қилиш бўйича баҳсли ташаббуслар юзасидан фикр билдирилди.

«Ёввойи» насия бозори тартибга солинадими?

Президентнинг 15 июлдаги қарори билан давлат хизматларини такомиллаштириш доирасида насия савдо ва бўлиб тўлаш хизматлари рекламаларини тартибга солиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Бугунги бозорда харидорлар кўпинча маҳсулотнинг нақд нархи, якуний тўлов суммаси ёки кредитнинг ҳақиқий қиймати ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Суҳбат давомида рекламалар ва шартномаларда қандай маълумотлар мажбурий кўрсатилиши кераклиги, эффектив йиллик ставка нега муҳим экани, насия оддий савдо эмас, балки молиявий хизмат сифатида тартибга солиниши зарурлиги ҳамда янги қоидалар бозордаги рақобатни қандай ўзгартириши мумкинлиги таҳлил қилинди.

Пенсия тизими қандай ўзгариши мумкин?

Президентга тақдим этилган таклифларга кўра, пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш, ҳисобга олинадиган иш ҳақининг максимал чегарасини ошириш ва жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Суҳбатда пенсия тизимининг бугунги муаммолари, давлат зиммасидаги молиявий юк, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини ривожлантириш зарурати ҳамда Ўзбекистон келажакда пенсия ёшини ошириш масаласига ҳам дуч келиши мумкинлиги муҳокама қилинди.

Бандлик статистикаси нега кескин ўзгарди?

Ўзини ўзи банд қилганлар сони бўйича эълон қилинган янги рақамлар кўплаб саволларни юзага чиқарди.

Бир йил аввал расмий статистикада 5,5 миллиондан ортиқ ўзини ўзи банд қилган фуқаро қайд этилган бўлса, бугун бу кўрсаткич 2,8 миллион нафар этиб эълон қилинди.

Бу тафовут меҳнат бозорида ҳақиқий ўзгариш юз берганини англатадими ёки статистика юритиш усулларидаги фарқ натижасими, деган саволлар кун тартибига чиқди. Мутахассислар бандликни баҳолашда сон эмас, балки даромад, унумдорлик ва иқтисодиётга қўшаётган ҳиссани кўрсатадиган сифат мезонларига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Пулли парковка ва жарималар: асосий баҳс нимада?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пулли автотураргоҳда тўлов қилмаган ҳайдовчилар учун 2 БҲМ миқдорида жарима жорий этишни таклиф қилмоқда.

Бироқ жамоатчиликдаги баҳс фақат жарималар билан чекланмаяпти. Оператор танлови, шартнома шаффофлиги, тушаётган маблағларнинг тақсимланиши ва хизмат сифати ҳам танқид қилинмоқда.

Суҳбатда пулли парковкаларнинг асл вазифаси транспорт оқимини бошқаришми ёки даромад манбаими, хизмат сифати таъминланмасдан туриб жарима жорий этиш қанчалик асосли экани ва бу тизим давлат ҳамда хусусий сектор ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир қилиши таҳлил қилинди.

P2P назорати яна кун тартибида

Солиқ қўмитасининг ой давомида 500 БҲМдан ошадиган P2P ўтказмалари бўйича банклардан маълумот олиш таклифи жамоатчиликда кескин баҳсларга сабаб бўлди.

Марказий банк эса бундай норма Конституцияга зид бўлиши, фуқароларнинг банк тизимига ишончини сусайтириши, нақд пул айланмаси ва яширин иқтисодиёт улушини ошириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Бу баҳс давлатнинг солиқ назорати билан фуқароларнинг молиявий дахлсизлиги ўртасидаги мувозанат қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги муҳим саволни яна кун тартибига олиб чиқди.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 163

Barchasi

Mavzuga oid