Ўзбекистонда сўнгги бир йилда квартиралар нархи 5,5 фоизга қимматлашди
2026-йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда уй-жой нархлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга ошди. Энг катта ўсиш квартиралар сегментида кузатилган бўлиб, айниқса бирламчи бозорда нархлар 7,1 фоизга қимматлашган.
© vaqt.uz2026-йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда турар жой кўчмас мулки нархлари 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга, жорий йилнинг биринчи чорагига нисбатан эса 1,3 фоизга ошди.
Миллий статистика қўмитаси маълум қилишича, нархларнинг энг юқори ўсиши квартиралар бозорида қайд этилди. Квартиралар бир йил давомида 5,5 фоиз, якка тартибдаги уйлар эса 2 фоиз қимматлашган.
Асосий кўрсаткичлар:
Ko‘rsatkich | 2026-yil I chorakka nisbatan | 2025-yil II chorakka nisbatan |
Uy-joy narxlari | +1,3% | +4,0% |
Kvartiralar | +1,2% | +5,5% |
Yakka tartibdagi uylar | +1,4% | +2,0% |
Бозор сегментлари бўйича нархлар

Статқўм ҳисоб-китобларига кўра:
● бирламчи бозордаги квартиралар нархи бир йил ичида 7,1 фоиз;
● иккиламчи бозордаги квартиралар нархи эса 4,2 фоиз ошган.
Тошкент ва бошқа ҳудудлардаги вазият
Пойтахтда квартиралар нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,9 фоиз ошган. Қолган ҳудудларда эса нархлар ўсиши 7 фоизни ташкил этган.
Бирламчи бозорда Тошкентда нархлар 5 фоиз, ҳудудларда эса 8,7 фоизга қимматлашган. Иккиламчи бозорда мос равишда 3,2 фоиз ва 5,1 фоиз ўсиш қайд этилган.
Якка тартибдаги ҳовли уйлар сегментида эса қизиқарли тафовут кузатилди. Жорий йилнинг биринчи чорагига нисбатан Тошкентда бундай уйлар нархи 0,7 фоизга арзонлашган, ҳудудларда эса 2,8 фоизга қимматлашган. Бироқ йиллик ҳисобда Тошкентда нархлар 1,2 фоиз, қолган ҳудудларда 2,7 фоиз ўсган.
2024-йил базис йил (100%) сифатида олинганда, 2026-йилнинг II чорагига келиб уй-жой бўйича йиғма нарх индекси 106,8% ни ташкил этмоқда. Яъни икки йил ичида мамлакатда кўчмас мулк ўртача 6,8% га қимматлашган. Бунда квартиралар нархи 7,1% га, якка тартибдаги уйлар эса 6,1% га юқорилаган.
Аввалроқ Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти май ойида Тошкент шаҳрида бирламчи ва иккиламчи бозорда уйлар нархи ҳақидаги таҳлилини эълон қилганди.
Хусусан, апрелдан май ойигача иккиламчи уй-жой бозорида энг катта нарх ўсиши бир хонали хонадонларда қайд этилган. Уларнинг бир квадрат метри ўртача 5,8 фоизга ёки 86 долларга қимматлаган.
Бирламчи бозорда эса нархлар энг кўп уч хонали хонадонларда ўсиб, бир ой ичида 2,7 фоизга ёки 43 долларга кўтарилди. Бир хонали уйлар 1,1 фоизга қимматлаган бўлса, икки хонали ҳамда тўрт ва ундан ортиқ хонали хонадонлар нархи мос равишда 1,1 ва 1,5 фоизга пасайди.






