add

«SamAuto»да янги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилади

Kecha 20:102 daqiqa

«Anadolu Isuzu» иштирокида Самарқанд автомобил заводи модернизация қилиниб, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмлари оширилади.

«SamAuto»да янги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилади

Самарқанд автомобил заводида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган янги автотранспорт воситалари ва махсус техника ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу режалар Туркиянинг «Anadolu Isuzu» компанияси томонидан заводда амалга оширилиши кутилаётган янги лойиҳалар доирасида маълум қилинди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабарига кўра, 9 январ куни вазир Лазиз Қудратов Туркиянинг Anadolu Group таркибига кирувчи «Anadolu Isuzu» бош ижрочи директори Юсуф Туғрул Арикан билан учрашув ўтказди. Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар технологиялар трансфери орқали маҳсулот рақобатбардошлигини кучайтиришни мақсад қилган.

Маълум қилинишича, ўтган йил декабр ойида «Anadolu Isuzu» компанияси «SamAuto» акцияларининг 75,2 фоизини 80 миллион доллар эвазига сотиб олган. Заводни босқичма-босқич ривожлантириш доирасида янги моделлар ишлаб чиқариш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш режалаштирилмоқда.

Янги ишлаб чиқариш қувватлари нафақат ички бозор талабини қондириш, балки экспорт географиясини ҳам кенгайтиришга қаратилган. Маҳсулотларни Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка бозорларига етказиб бериш устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Шунингдек, инвестор келгуси йилларда «SamAuto»ни ривожлантириш учун қўшимча 80 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Томонлар учрашув якунида автомобилсозлик соҳасида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини тасдиқлади.

Teglar

Mavzuga oid