Сардор Умрзоқов янги лавозимга тайинланди
У тайинловга қадар Ўзбекистон президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси эди.

Сардор Ўктамович Умрзоқов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу бўйича Ўзбекистон раҳбарининг тегишли фармони имзоланди.
Шу муносабат билан Умрзоқов 2025-йил июлдан бери ишлаб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозими тугатилди.
Қолаверса, давлат бошлиғининг яна бир фармони билан Абдулла Мамасаатович Абдуқодиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори вазифасини бажарувчиси лавозимидан озод этилди.
Маълумот учун, Сардор Умрзоқов 1977-йил 23-ноябрда Тошкентда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Рединг университетини (Буюк Британия, магистратура) тамомлаган.
Умрзоқов 2019-йил 28-январда инвестициялар ва ташқи савдо вазири, 2022-йилнинг 16-июль куни Президент Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланган.
2023-йил августда эса президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди.





