Уч карра ер солиғидан қутулган аҳоли, пойтахтда тинимсиз қимматлашаётган уйлар ва Жаҳон чемпионатидаги тарихий дебют — 18 июн дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистондаги биринчи кичик атом реактори 2029 йил охирида ишга туширилиши мумкин
Ўзатом агентлиги раҳбари Азим Ахмедхўжаев маълум қилишича, Ўзбекистонда қурилаётган биринчи кичик модулли атом реакторини техник ишга тушириш 2029 йилнинг октябрь–ноябрь ойларига режалаштирилган. Биринчи реактордан кейин ҳар олти ойда навбатдаги реакторларни ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, илк йирик атом реакторини 2033 йилда фойдаланишга топшириш, бутун лойиҳани эса 2034–2035 йилларда якунлаш мақсад қилинган.
Маълумотларга кўра, қурилиши режалаштирилган атом электр станциясининг умумий қуввати 2110 МВтни ташкил этади ва йилига 17 млрд кВт/соатгача электр энергияси ишлаб чиқара олади. Бу ҳозирги энергетика тизими қувватининг 8 фоизидан камроғини ташкил этса-да, мамлакатда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг қарийб 20 фоизини таъминлаши мумкин. Лойиҳада хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилмоқда ва жараён Халқаро атом энергияси агентлиги экспертлари иштирокида халқаро стандартлар асосида амалга оширилмоқда.
Энг қиммат Мирободда: Пойтахтда уй нархлари қандай ўзгармоқда?
Тошкентда кўп қаватли уйлар нархи ўсишда давом этмоқда. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилига кўра, 2026 йил май ойида бирламчи бозорда энг қиммат уйлар Мирзо Улуғбек ва Миробод туманларида қайд этилган. Айниқса, Миробод тумани икки, уч ва тўрт хонали янги квартиралар сегментида ҳам нархлар, ҳам ўсиш суръатлари бўйича етакчилик қилмоқда. Икки хонали квартираларнинг бир квадрат метри бу ерда бир йил ичида 27,1 фоизга қимматлашган.
Иккиламчи бозорда ҳам Миробод энг қиммат ҳудуд бўлиб қолмоқда. Таҳлилларга кўра, деярли барча туманларда фойдаланилган уйлар нархи ошган. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда тўрт хонали квартиралар арзонлашгани кузатилмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни харидорлар томонидан бир ва икки хонали, ликвидлиги юқори бўлган уйларга талаб кучайгани билан изоҳламоқда.
Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун 3 карра ер солиғи бекор қилинди
Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун ҳужжатсиз фойдаланилган ер участкаларига нисбатан қўлланиб келган 3 карра ер солиғи бекор қилинди. Янги қонунга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача бўлган давр учун ҳисобланган мазкур солиқ суммалари қайта кўриб чиқилади ва қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Шунингдек, қонун ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни қонунийлаштириш тартибини ҳам соддалаштирди. Ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилиб, фуқаролар учун қўшимча имтиёз ва енгилликлар жорий этилди.
Марказий банк исломий банк очиш бўйича илк таклифлар келиб тушганини маълум қилди
Ўзбекистонда исломий банклар фаолиятига рухсат берувчи қонун кучга кириши арафасида мазкур соҳага қизиқиш ортиб бормоқда. Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носировнинг маълум қилишича, хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан мамлакатда тўлиқ исломий банк ташкил этиш бўйича дастлабки таклифлар келиб тушган. Шу билан бирга, айрим амалдаги тижорат банклари ҳам «Ислом дарчаси»ни очишга тайёргарлик кўрмоқда.
Марказий банкка кўра, исломий банклар сонига нисбатан махсус чекловлар бўлмайди. Бироқ лицензия олиш учун белгиланган талаблар барча иштирокчилар учун мажбурий ҳисобланади. Регулятор исломий ва анъанавий банклар учун тенг рақобат шароитлари яратилишини, шунингдек айрим солиқ имтиёзлари исломий молия институтларига ҳам татбиқ этилишини маълум қилди.
Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионатидаги дебютида Колумбияга ютқазди
Ўзбекистон миллий жамоаси футбол бўйича Жаҳон чемпионатидаги тарихий дебютини мағлубият билан бошлади. К гуруҳи 1-тур учрашувида Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа Колумбияга қарши майдонга тушиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Учрашувнинг энг муҳим воқеаларидан бири Аббос Файзуллаевнинг голи бўлди. У Ўзбекистон терма жамоасининг мундиаллар тарихидаги илк голи муаллифи сифатида номини тарихга ёздирди. Колумбия сафида Даниэл Муниос, Луис Диас ва Хорхе Кампаз гол урди. Энди Ўзбекистон миллий жамоаси гуруҳ босқичининг иккинчи турида 23 июнь куни Португалияга қарши баҳс олиб боради.





