Ҳафталик нархлар: қайси маҳсулот арзонлади, қайси ошди?
Гўшт маҳсулотлари қимматлашишда давом этаётган бир пайтда, сабзавот ва меваларда мавсумий арзонлашув кучаймоқда. Шу билан бирга, мол гўштининг энг юқори нархи Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилган бўлса, энг арзон нарх Қорақалпоғистонда кузатилди.

Марказий банкнинг «narxtahlil.uz» платформасида эълон қилинган ҳафталик маълумотлар озиқ-овқат бозорида турлича динамика шаклланганини кўрсатди. Гўшт маҳсулотларида нарх ўсиши сақланиб қолган бўлса, айрим асосий истеъмол маҳсулотлари нархи деярли ўзгармаган.
3 июн ҳолатига кўра, гўшт маҳсулотларида нарх ўсиши давом этмоқда. Шунингдек, баҳорги мавсумий омиллар сабзавотлар бозорига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Мевалар сегментида эса ҳолат турлича бўлиб, айрим маҳсулотларда пасайиш давом этган бўлса, бошқаларида нисбатан барқарорлик сақланиб қолди.
Асосий маҳсулотлар
Ҳафта давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи нисбатан барқарор бўлди. Хусусан, пахта ёғи нархи 20 минг 248 сўмга тушиб, 0,1 фоизга арзонлашди. Кунгабоқар ёғи эса 21 минг 520 сўмга кўтарилган бўлса-да, амалда нархи ўзгармаган.
Ун маҳсулотлари сегментида ҳам нархлар деярли ўзгармади. Биринчи нав ун нархи ўтган ҳафтадаги 6 минг 260 сўмдан 6 минг 262 сўмга етди ва амалда аввалги даражада сақланиб қолди. Олий нав ун эса 0,2 фоизга арзонлаб, 9 минг 362 сўмни ташкил қилди.
Гўшт маҳсулотлари нархи эса ўсишда давом этмоқда. Ўтган ҳафта мол гўшти нархи 0,6 фоизга қимматлашган бўлса, бу ҳафта ўсиш 0,5 фоизни ташкил этиб, маҳсулотнинг ўртача нархи 122 минг 368 сўмга етди. Қўй гўшти ҳам кетма-кет учинчи ҳафта ўсишни қайд этиб, 0,4 фоизга қимматлашди ва 133 минг 396 сўмга чиқди.
Ўтган ҳафта улгуржи бозорда ҳам қўй гўшти нархи ошгани кузатилган эди. Жорий ҳафтада ҳам чакана бозорда юқори нарх босими сақланиб қолмоқда. Мол гўшти бозорида эса улгуржи сегмент нисбатан барқарор бўлса-да, чакана савдода нархлар аста-секин ўсишда давом этмоқда. Бу ҳолат чакана ва улгуржи бозор ўртасидаги тафовут сақланиб қолаётганидан далолат беради.
Маълумот учун, аввалроқ гўшт импорти 47 фоизга ошиб, хориждан қимматроқ гўшт харид қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари орасида энг қиммат гўшт айнан Ўзбекистонда экани маълум қилинган.
Тухум, гуруч ва шакар каби кундалик истеъмол маҳсулотлари нархида эса сезиларли ўзгариш кузатилмади. Тухум ва товуқ гўшти нархи 0,1 фоизга арзонлади. Мазкур маҳсулотларда нархларнинг деярли ўзгармагани бозорда талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат сақланаётганини кўрсатади.
Сут маҳсулотлари нархи ўзгаришсиз қолди. Бу маҳсулот ўтган ҳафтада 0,4 фоизга пасайган эди. Гуруч нархи ҳам 14 минг 107 сўмдан 14 минг 046 сўмга тушиб, 0,4 фоизлик арзонлашишни қайд этди. Шакар нархи эса 13 минг 213 сўм даражасида сақланиб қолди ва ҳафта давомида ўзгармади.
Mahsulot | 26.05.26 | 3.06.26 | O’zgarish (%) |
Paxta yog’i (1litr) | 20 261 | 20 248 | -0,1 % |
Kungaboqar yog’i | 21 518 | 21 520 | 0 % |
Un (1-nav) | 6 260 | 6 262 | 0 % |
Mol go’shti | 121 762 | 122 368 | +0,5 % |
Qo’y go’shti | 132 880 | 133 396 | +0,4 % |
Tuxum | 11 806 | 11 792 | -0,1 % |
Сабзавотлар
Сабзавот бозорида мавсумий арзонлашув тенденцияси давом этди. Ўтган ҳафта булғор қалампири 18,1 фоизга арзонлашган бўлса, бу ҳафта ҳам унинг нархи кескин тушиб, яна 22 фоизга пасайди.
Помидор нархи ҳам кетма-кет учинчи ҳафта кескин тушмоқда. Ҳафта давомида помидор 24,3 фоизга арзонлаб, 9 минг 908 сўмни ташкил қилди. Таqqослаш учун, ўтган ҳафта ушбу маҳсулот нархи 16,2 фоизга пасайган эди.
Бодринг нархи ҳам арзонлашишда давом этди. Унинг ўртача нархи 6 минг 355 сўмни ташкил этиб, бир ҳафта ичида 18,9 фоизга пасайди. Ўтган ҳафтада эса бодринг 7 минг 836 сўмдан сотилган эди.
Картошка ва карам маҳсулотларида ҳам нархлар пасайиши давом этди. Картошка нархи 4,2 фоизга арзонлаб, 6 минг 138 сўмга тушди. Карам эса 3,4 фоизга арзонлашиб, 3 минг 787 сўмга етди.
Сабзи ва пиёз нархларида эса аксинча ўсиш кузатилди. Сабзи нархи 1,2 фоизга ошиб, 3 минг 654 сўмга етди. Пиёзда эса бошқа маҳсулотларга нисбатан энг юқори ўсиш қайд этилди. Бир килограмм пиёз нархи 2 минг 271 сўмга етиб, ўтган ҳафтага нисбатан 2 фоизга қимматлашди.
Айрим сабзавотларда нархларнинг ошиши янги ҳосил ҳажми ҳали тўлиқ шаклланмагани билан изоҳланиши мумкин. Шу билан бирга, бозорга янги ҳосилларнинг кўпроқ кириб келиши помидор, бодринг ва булғор қалампири каби маҳсулотлар нархининг кескин пасайишига туртки бермоқда.
Mahsulot | 26.05.26 | 3.06.26 | O’zgarish (%) |
Kartoshka (1 kg) | 6 407 | 6 138 | -4,2% |
Piyoz (1kg) | 2 271 | 2 227 | +2 % |
Sabzi (1 kg) | 3 654 | 3 611 | +1,2 % |
Pomidor (1 kg) | 13 083 | 9 908 | -24,3 % |
Bodring (1 kg) | 7 836 | 6 355 | -18,9 % |
Мевалар
Мевалар сегментида аксарият маҳсулотлар нархининг пасайгани кузатилди. Энг катта пасайиш узум нархида қайд этилиб, бир ҳафта давомида 2,4 фоизга арзонлашди. Натижада 1 кг узумнинг ўртача нархи 30 минг 215 сўмни ташкил қилди. Қизиғи, ушбу маҳсулот нархи бундан олдин кетма-кет икки ҳафта давомида қимматлашаётган эди.
Олма ва нок маҳсулотлари нархларида ҳам пасайиш тенденцияси сақланиб қолмоқда. Ўтган ҳафта олма нархи 0,7 фоизга қимматлашган бўлса, бу ҳафта аксинча 0,4 фоизга арзонлаб, 15 минг 933 сўмга тушди.
Нок нархи ҳам 0,7 фоизга пасайиб, 21 минг 59 сўмни ташкил қилди. Таqqослаш учун, ўтган ҳафтанинг шу даврида мазкур маҳсулот 21 минг 200 сўмдан сотилган эди.
Лимон нархи эса аксинча ўсишда давом этмоқда. Ўтган ҳафта маҳсулот 0,9 фоизга қимматлашган бўлса, бу ҳафта ҳам ўсиш сақланиб, 0,4 фоизни ташкил қилди. Натижада 1 кг лимоннинг ўртача нархи 48 минг 436 сўмга етди.
Умуман олганда, мевалар бозорида нархлар пасайиш томон ҳаракатланаётган бўлса-да, лимон маҳсулотида қимматлашув тенденцияси сақланиб қолмоқда.
Mahsulot | 26.05.26 | 3.06.26 | O’zgarish (%) |
Olma | 15 922 | 15 933 | -0,4 % |
Nok | 21 200 | 21 059 | -0,7 % |
Limon | 48 248 | 48 436 | +0,4 % |
Uzum | 30 950 | 30 215 | -2,4 % |
Ҳафта давомида озиқ-овқат бозорида турлича динамика кузатилди. Гўшт маҳсулотлари нархи ўсишда давом этган бўлса, сабзавот ва мева-сабзавотларда мавсумий арзонлашув кучайди. Айниқса, помидор ва бодринг нархининг кескин пасайиши бозорга янги ҳосиллар кириб келаётганини кўрсатмоқда. Асосий истеъмол маҳсулотларининг аксариятида эса нархлар барқарор сақланиб қолди.
Ҳудудлар кесимида гўшт нархи қандай?
3 июнь ҳолатига кўра, мол гўшти нархи ҳудудлар кесимида сезиларли даражада фарқ қилмоқда. Энг қиммат гўшт Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилди. Тошкент шаҳрида 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 132 минг 785 сўмни, Жиззах вилоятида эса 132 минг 759 сўмни ташкил қилди.
Энг арзон мол гўшти Қорақалпоғистон Республикасида сотилмоқда. Бу ерда 1 кг гўштнинг ўртача нархи 107 минг 505 сўмни ташкил этган. Шунингдек, Хоразм вилоятида 114 минг 755 сўм ва Бухоро вилоятида 117 минг 249 сўмлик нархлар ҳам республика ўртача кўрсаткичидан паст бўлиб қолмоқда.
Ҳафталик ўзгаришлар бўйича энг катта нарх ўсиши Андижон вилоятида кузатилди. Бу ҳудудда гўшт нархи бир ҳафта ичида 1,45 фоизга ёки 1 минг 773 сўмга қимматлашди. Кейинги ўринларда Бухоро вилояти (1,31 фоиз) ва Сурхондарё вилояти (1,23 фоиз) қайд этилди.
Аксинча, нархлар энг кўп Наманган вилоятида пасайиб, бир ҳафта ичида 1,34 фоизга ёки 1 минг 727 сўмга арзонлади. Навоий вилоятида ҳам 0,66 фоизлик пасайиш кузатилди.
Умуман олганда, энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги фарқ 25 минг сўмдан ошмоқда. Бу эса мамлакат бўйича гўшт бозорида ҳудудий нархлар тафовути ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Hudud | Joriy narx | Avvalgi narx | O'zgarish (%) |
Toshkent shahri | 132 785 | 132 192 | 0.45 |
Jizzax viloyati | 132 759 | 131 381 | 1.05 |
Namangan viloyati | 127 072 | 128 799 | -1.34 |
Samarqand viloyati | 126 396 | 126 144 | 0.2 |
Surxondaryo viloyati | 125 114 | 123 599 | 1.23 |
Sirdaryo viloyati | 125 108 | 124 497 | 0.49 |
Andijon viloyati | 124 163 | 122 390 | 1.45 |
Farg'ona viloyati | 123 925 | 123 010 | 0.74 |
Toshkent viloyati | 123 298 | 123 335 | -0.03 |
Navoiy viloyati | 119 574 | 120 366 | -0.66 |
Qashqadaryo viloyati | 119 053 | 119 082 | -0.02 |
Buxoro viloyati | 117 249 | 115 736 | 1.31 |
Xorazm viloyati | 114 755 | 113 951 | 0.71 |
Qoraqalpog'iston Respublikasi | 107 505 | 106 491 | 0.95 |
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 13–20 май ҳолатидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳам таҳлил қилган эдик.





