Logo

Ишметов: Икки йилда банк тизимини Basel III ва IFRS стандартларига тўлиқ мослаштирамиз

Bugun 13:223 daqiqa

Марказий банк раиси Ўзбекистон молия тизимида кредитлар ўсиши ва долларизация каби хавфлар учун янги тартибга солиш механизмлари жорий этилаётганини маълум қилди. Хусусан, банк тизимини халқаро стандартларга мослаштиришга яна икки йил ажратилган.

Ишметов: Икки йилда банк тизимини Basel III ва IFRS стандартларига тўлиқ мослаштирамиз

Марказий банк раиси Тимур Ишметов банк тизимини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича уч йиллик йўл харитасининг бир йили ортда қолгани, қолган икки йил давомида эса Basel III, IFRS ва бошқа халқаро стандартларга мос келадиган тизимни шакллантириш мақсад қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда 24-август куни «Silk Road Finance & Technology Forum» доирасида ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди, деб хабар бермоқда Vaqt.uz мухбири.

Банк тизимида қандай хавфлар мавжуд?

«The Sunday Times» журналисти Жейсон Коркоран Марказий банк раисидан Ўзбекистон глобал молия тизимига фаол интеграциялашаётган бир пайтда, келгуси уч-беш йил ичида банк сектори учун энг катта хавф нима бўлиши мумкинлигини сўради.

Тимур Ишметов бунга жавобан банк тизими олдида битта эмас, бир нечта хавф мавжуд ва уларнинг асосий қисми халқаро ташкилотлар билан биргаликда баҳоланганини маълум қилди.

Хусусан, Марказий банк икки йил аввал Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан Молиявий секторни баҳолаш дастури — FSAPни ўтказган. Ушбу баҳолаш бутун молиявий тизимдаги заиф нуқталарни аниқлашга қаратилган.

«Биз бутун молиявий тизим учун диагностика ўтказдик. Мақсад банк тизимидаги хавфларни ўзимиз ҳам аниқ тушуниш ва жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга муаммоларимиз қаерда эканини билишимизни кўрсатиш эди», — деди Ишметов.

FSAP натижалари асосида уч йиллик йўл харитаси ишлаб чиқилган. У банк тизими ва Марказий банк тартибга солиш механизмларини халқаро стандартларга мослаштиришни назарда тутади.

«Йўл харитасининг бир йили ортда қолди, яна икки йил бор. Уч йил ичида халқаро стандартларга тўлиқ мос келадиган банк тизими ва банк тартибга солувига эга бўлишни мақсад қилганмиз. Яъни, Basel III, IFRS ва бошқа стандартларга мослашамиз», — деди Тимур Ишметов.

Кредитлар ва долларизация

Ишметов банк тизимидаги ҳозирги хавфлардан бири сифатида аҳолини кредитлашдаги ўсишни ҳам тилга олди.

Унинг айтишича, Марказий банк хатарлар пайдо бўлишини кутиб ўтирмасдан, уларни аниқлаши билан макропруденциал чораларни жорий этишга ҳаракат қилмоқда.

«Ҳар сафар қандайдир хавфни кўрсак, уни аниқлаймиз ва дарҳол тегишли тартибга солишни жорий қиламиз», — деди Марказий банк раиси.

Яна бир муҳим масала — долларизация. Марказий банк сўнгги йилларда депозитлар ва кредитлардаги хорижий валюта улушини камайтиришга эришганини маълум қилди.

Ишметовнинг сўзларига кўра, ҳозирги иқтисодий ривожланиш босқичида депозитлар долларизациясининг «табиий даражаси» қарийб 20 фоиз деб баҳоланган ва ушбу кўрсаткич шу даражага туширилган.

Кредитлардаги долларизацияни камайтириш эса мураккаброқ бўлган. Шунга қарамай, хорижий валютадаги кредитлар улуши 50 фоиздан юқори даражадан ҳозирги қарийб 37 фоизгача туширилган.

2026 йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича қиймат Банк операцияларининг долларлашув даражаси ҳам пасайиб, хорижий валютадаги кредитлар улуши 41% дан 39% гача, депозитлар улуши эса 24% дан 19% гача камайганди.

«Бу хавфларни пруденциал қоидалар орқали бошқаряпмиз. Хусусан, суғурталанмаган валюта хавфларига кўпроқ эътибор қаратдик», — деди у.

Аввалроқ Vaqt.uz «Silk Road Finance & Technology Forum» доирасида Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов банк тизимини халқаро талабларга мослаштириш бўйича навбатдаги режалар ҳақида гапиргани ҳақида хабар берганди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ўтган йили Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда молия секторини комплекс баҳолаш жараёнини якунлаган. Ушбу баҳолаш натижалари асосида Марказий банк банк тизимига қўйиладиган талабларни халқаро амалиёт ва «Базель III» стандартларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришни режалаштирмоқда.

Шунингдек, банклар Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари — МҲХС бўйича тўлиқ ҳисоботга ўтиши кутилмоқда.

Аброр Мирзо Олимовга кўра, бу ислоҳотлардан асосий мақсад Ўзбекистон молия тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва халқаро инвесторлар учун янада барқарор муҳит яратишдан иборат.

«Бизнинг томонимиз, Марказий банк томонидан, халқаро инвесторларни иқтисодиётимизга жалб қилиш учун молиявий ва макроиқтисодий барқарорлик энг муҳими, деб ўйлайман», — деганди у.

Teglar

Mavzuga oid