Манба: Блогер Отабек Ҳамидов қўлга олинди
«Vaqt.uz» мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди.
© Ijtimoiy tarmoqlarАндижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан блогер Отабек Ҳамидов қўлга олинди. Бу ҳақда ҳуқуқ тартибот органларидаги манбаларига таяниб, «Vaqt.uz» мухбири хабар бермоқда.
Воқеа тафсилотлари
Ҳамидовнинг яқинлари берган маълумотга кўра, мазкур ҳолат икки йил олдин содир бўлган воқеалар билан боғлиқ бўлиб, вазият анча мунозарали ҳисобланади.
Жумладан икки йил аввал Отабек Ҳамидов отасининг вафоти муносабати билан Асака туманига борган. Марака тадбирларидан сўнг блогер оиласи билан Тошкентга қайтган.
Ҳамидов кетган куни унинг уйига номаълум аёл келиб, «омонат топшириши кераклигини» айтган ва 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни Ҳамидовнинг келинига (укасининг аёли) қолдирган.
Блогернинг келини эса пулнинг келиб чиқиши билан қизиқмай, уни қабул қилиб олган. Орадан 10 дақиқа ўтиб, хонадонга ҳуқуқ тартибот идораларининг тезкор ходимлари кириб келган ва ёстиқ остига қўйилган пулларни ашёвий далил сифатида олишган.
Ҳозир яқинлари Отабек Ҳамидовнинг ушбу пуллардан мутлақо хабари бўлмаганини таъкидлашмоқда.
Таъкидланишича, айни вақтда блогер Андижон вилояти ИИБда ушлаб турилибди.
Андижон вилоят ИИБ матбуот котиби Шерзод Нуриддинов Vaqt.uz мухбири саволига жавобан ҳолатни тасдиқлади, аммо тергов сири дея қўшимча маълумот беришни рад этди. Унга кўра, тез орада вазият юзасидан вилоят ИИБнинг расмий ахбороти эълон қилинади.





