Молиявий жарималарни бўлиб тўлаш имкони яратилди
Янги тартибга кўра, тадбиркорлар молиявий жаримани 1 ой муддатда умумий миқдорининг 50 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, қолган қисмидан озод қилинади.
© Zira.uzЎзбекистонда молиявий жарималарни қўллаш тартибини либераллаштиришга қаратилган янги қарор қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорларга жарималарни ихтиёрий равишда енгил шартларда тўлаш имконияти яратилади.
Жаримани икки хил усулда тўлаши мумкин
Биринчи вариантда қарор топширилган кундан бошлаб бир ой ичида жариманинг 50 фоизини тўлаш орқали қолган қисмидан озод этилади.
Иккинчи вариант эса жаримани олти ой давомида тенг қисмларга бўлиб-бўлиб тўлаш имконини назарда тутади.
Шунингдек, агар ваколатли орган қарори суд томонидан бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, ундирилган маблағлар 15 кун ичида тадбиркорга қайтарилиши шарт. Қайтариш муддати бузилган тақдирда эса ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банк асосий ставкасининг 300дан бири миқдорида фоиз тўланади.
Электрон реестрга киритилмаган қарорлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади
Қарор билан молиявий жарималар жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш ҳам белгиланган. Хусусан, 2027 йил 1 январдан «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида молиявий жарималарнинг электрон реестри ишга туширилади. Барча қарорлар уч иш куни ичида ушбу реестрга киритилиши ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши шарт қилиб белгиланган.
Электрон реестрга киритилмаган ёки тасдиқланмаган қарорлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва улар асосида жарима ундирилмайди. Шу билан бирга, тизим орқали ҳуқуқбузарликлар такрорийлиги кузатиб борилиб, хавфларни таҳлил қилиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлар учун судга онлайн тарзда шикоят бериш имконияти жорий этилади. Бу орқали улар ваколатли орган қарорларидан норози бўлган ҳолларда масофадан туриб мурожаат қилишлари мумкин бўлади.





