Ўзбекистон шаҳарларида ҳар учта никоҳдан биттаси ажралиш билан тугаяпти

Kecha 18:072 daqiqa

Мамлакатда қишлоқларга нисбатан, шаҳарларда ажралишлар анча кўпроқ кузатилмоқда. Ажралишлар сони 10 йилга қолмай никоҳлардан ўтиб кетиши мумкин.

Ўзбекистон шаҳарларида ҳар учта никоҳдан биттаси ажралиш билан тугаяпти

2026-йилнинг I чорагида Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 38,4 млн нафарга етди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси ҳисоботидан маълум бўлди

Йилнинг дастлабки уч ойида қайд этилган никоҳлар сони 42,3 мингтани ташкил қилди. Бунда ҳар минг аҳолига никоҳ коэффициенти 4,5 промилле бўлди. 

Никоҳлар сони 2026-йилнинг январ-март ойларида 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 минг бирликка камайган. 

Никоҳдан ажралишлар сони 12,7 минг бирлик, ҳар минг аҳолига нисбатан ажралиш коэффициенти 1,3 промиллени ташкил этди. Ажралишлар сони 2026-йилнинг январ-март ойларида 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 минг бирликка кўпайган. 

Рўйхатдан ўтказилган никоҳлар сони 2021-йилдан бери доимий камайиб келмоқда. 2026-йилда ҳам ажралишлар кўпайиб, никоҳлар камайиши тенденцияси давом этди. 

1

Мамлакат бўйлаб қайд этилган никоҳлар сони 42,3 мингтани, шундан шаҳар жойларида 20,2 мингтани (47,7 фоиз), қишлоқ жойларида 22,1 мингтани (52,3 фоиз) ташкил қилди. 

Яъни, қишлоқ жойларида кўпроқ оилалар расмийлаштирилмоқда. Бироқ, ажралишлар ўсиш кўрсаткичи қишлоқда 13,3 фоизни, шаҳарда 8,6 фоиз бўлди. 

2

Никоҳларнинг пасайиш кўрсаткичи эса мос равишда -3,9 фоиз ва -2,9 фоизни ташкил қилди. 

Шаҳарда ҳар учта никоҳдан биттаси — ажрим 

Кўрсатилган рақамлардан ажралиш/никоҳ нисбатига қаралса, 2026 йил И чорагида шаҳарларда бу кўрсаткич 37,6 фоизни, қишлоқларда 23,1 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2025-йилда мос равишда 33,6 фоиз ва 19,6 фоиз кўринишида эди. 

Рақамлар шаҳарда расмийлаштирилаётган ҳар учта никоҳнинг биттаси ажрим билан тугаётганини кўрсатмоқда. 

Никоҳ ва ажримларнинг камайиш ҳамда ўсиш кўрсаткичи шу кетишда давом этса, 2032—2033-йилларга келиб ажримлар сони никоҳдан ўтиб кетиши мумкин.

Туғилишлар камайиб, ўлганлар ҳам кўпаймоқда

Мамлакат демографиясида яна бир салбий тенденсия — туғилганлар сони камайиб, ўлимлар сони кўпайиб бораётгани бўлиб турибди.

3

Мамлакатда йилнинг дастлабки уч ойида тирик туғилганлар сони 191,1 минг кишини ташкил қилди. Бу даврда вафот этганлар сони эса 43,5 мингтага етди. Бунда табиий ўсиш 147,6 мингтага тенг бўлди.

Бироқ, 2023-йилнинг И чорагида табиий ўсиш 176 мингтани ташкил қилганди. Бу 2026-йилги кўрсаткичга нисбатан қарийб 20 фоизга кўпроқ.

Шу тариқа, Ўзбекистонда демографик ҳолат ҳавотирли тус олмоқда. Бундай муаммони дунёни кўплаб ривожланган давлатлари бошдан кечирган.

Бироқ, Ўзбекистон ҳозирча ривожланиш босқичида бўлиб, муаммони анча эрта қарши олишига тўғри келяпти.

Teglar

Mavzuga oid