add

Трамп ва Гренландия: Европа «Арктика жанги»га тайёрми?

09.01.2026 | 22:004 daqiqa

Доналд Трампнинг Гренландияни сотиб олиш ёки назоратга олиш истаги энди шунчаки ҳазил эмас. Politico нашрининг ёзишича, Европа ва Дания «шок» ҳолатида АҚШга қаршилик кўрсатиш режаларини тузмоқда. «Арктика соқчиси» миссиясидан тортиб, иқтисодий урушгача — ЕИ ўзининг энг шимолий дарвозасини қандай ҳимоя қилмоқчи?

Трамп ва Гренландия: Европа «Арктика жанги»га тайёрми?

Доналд Трампнинг Гренландияга бўлган даъволари тобора қатъий тус олмоқда.

«Агар илгари Европа ҳукуматлари буни англаб етмаган бўлса, энди улар АҚШ президентининг риторикасини эътиборсиз қолдирмаяпти ва умидсизлик ичида унга қарши кураш режалари устида ишламоқда», - деб ёзади Politico.

Журналистлар Европа Трампни Гренландияни босиб олишдан қандай тўхтатиб қолиши мумкинлигини ва агар у барибир шу қадамни ташласа, қандай чоралар борлигини тушуниш учун мулозимлар, дипломатлар, экспертлар ва НАТО вакиллари билан суҳбатлашди. 

«Ҳамма шок ҳолатида ва ихтиёримизда қандай воситалар борлиги ҳақида тасаввурга эга эмасмиз. Лекин бу саволларга зудлик билан жавоб топишимиз керак», — дейди даниялик собиқ депутат.

 

Муросага келиш йўлларини излаш

 

Трамп Гренландия АҚШ хавфсизлиги учун ҳаётий муҳим эканини таъкидламоқда ва Данияни Арктикада Хитой ҳамда Россиянинг ошиб бораётган ҳарбий фаоллигига етарлича қаршилик кўрсатмаётганликда айбламоқда. Ушбу инқироздан чиқишнинг энг тезкор йўли Трампга буни ғалаба сифатида тақдим этишга имкон берадиган, Дания ва Гренландияга эса «обрўсини сақлаб қоладиган» келишув бўлиши мумкин. «Бундай келишувни имзолаш учун НАТО Гренландия, Дания ва АҚШ ўртасида воситачи бўлиши мумкин», - дейди альянснинг собиқ юқори мартабали мулозими.

Шунингдек, НАТО иттифоқчилари, оролга Россия ва Хитой кемалари томонидан бўлаётган таҳдидлар бўрттирилган деган кенг тарқалган фикрга қарамай, Гренландия хавфсизлигини кучайтириши мумкин бўлган янги таклифларни кўриб чиқмоқда. Уч нафар НАТО дипломатининг сўзларига кўра, алянс Арктикада мудофаа харажатларини ошириш, минтақада кўпроқ ҳарбий машғулотлар ўтказиш ва Гренландияни қўриқлаш учун қўшинларни жойлаштириш имкониятини кўриб чиқиши лозим.

Politico’нинг икки суҳбатдошига кўра, алянс минтақага ҳарбийларни жойлаштириш бўйича «Арктика соқчиси» (Arctic Sentry) номли миссияни ишга туширишга тайёр бўлиши керак. Манбалардан бирининг сўзларига кўра, минтақада алянсни кучайтириш учун нимаики қилиш мумкин бўлса, максимал даражада амалга оширилиши лозим.

Кўпроқ маблағ

Politico ушбу вариантнинг моҳиятини «Гренландияни пулга кўмиб ташлаш» деб таърифлади. Нашрнинг ёзишича, Трампнинг асосий гапи шундан иборатки, агар Гренландия АҚШ билан шартнома имзоласа, у том маънода Америка пуллари остида қолади. Европа Иттифоқи ва Дания эса гренландияликларни уларга янада қулайроқ шартлар таклиф қилишлари мумкинлигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.

Сентабр ойида, Трамп Гренландияга даъво қила бошлаганидан сўнг, Еврокомиссия Гренландия учун харажатларни 2028 йилдан бошлаб икки баравардан кўпроққа (7 йил ичида 530 миллион еврогача) ошириш режасини таклиф қилди. Бу пуллар Дания ҳукумати Гренландияга ҳар йили бериб келадиган доимий ёрдам пулининг устига қўшимча сифатида ажратилади. Янги режалар доирасида асосий урғу Гренландиянинг фойдали қазилмаларни мустақил равишда қазиб олишига қаратилади.

«Бизда жуда кўп одам қашшоқлик чегарасида яшайди, Гренландия инфратузилмаси орқада қолган, ресурсларимиз эса асосан Гренландиянинг ўзи учун ҳеч қандай сезиларли фойдасиз олиб чиқиб кетилмоқда — фойдани асосан Дания компаниялари олмоқда», — дейди орол мустақиллиги тарафдори бўлган Гренландия парламенти мухолифат депутати Куно Фенкер.

«Дания ва Европа Иттифоқи томонидан жозибадор таклиф берилиши Гренландиянинг АҚШ назоратига ўтиб кетмаслиги учун етарли бўлиши мумкин», - дея хулосага келади Politico.

Иқтисодий қарши ҳужум

Бу вариантда Европа Иттифоқида Трампнинг божларига жавобан муҳокама қилинган воситани қўллаш ҳақида гап бормоқда. Бу — Anti-Coercion Instrument (Мажбурлашга қарши кураш воситаси). Уни қўллашни 2025 йил март ойида Франция таклиф қилган эди. Ушбу восита савдо камситилиши юз берган тақдирда Европа Иттифоқига кенг кўламли жавоб чораларини кўриш имконини беради. Бунга савдо ва хизматлар, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқлари, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва давлат харидларига кириш бўйича чекловлар киради.

Якунда ушбу воситадан фойдаланилмади — июл ойида томонлар вақтинчалик келишувга эришганларида, Politico’нинг ёзишича, у «жавонга олиб қўйилган». Бироқ АҚШ Европа Иттифоқи товарларига божлар солишда давом этмоқда ва Брюссел бундай ҳолатда ушбу воситани қўллаш фикрига яна қайтиши мумкин. Аммо Трамп ЕИ ниятларининг жиддийлигига ишониши керак, чунки ўтган галги кескин баёнотлар ҳеч қандай натижага олиб келмаган.

Ҳарбий жавоб

Агар АҚШ ҳақиқатан ҳам Гренландияни ҳарбий куч билан босиб олишга қарор қилса, европаликлар бунга тўсқинлик қилиш учун жуда кам нарса қила олади, деб ёзади нашр.

Даниялик ҳарбий эксперт Томас Кросби европаликлар “америкаликлар Гренландияга даъво қилишидан олдин уларга мудофаавий зарба бериш ниятида эмас”лигини таъкидлайди, бироқ АҚШнинг биринчи қадамига бериладиган жавоб шароитга боғлиқ бўлади. Унинг фикрича, агар гап америкаликларнинг “жуда кичик” гуруҳи ҳақида кетса, уларни ҳибсга олишга уриниш мумкин. Аммо агар АҚШ бор кучи билан ҳаракат қилса, вазият бутунлай бошқача бўлади.

Юридик нуқтаи назардан, Дания босқинга ҳарбий кучлар билан жавоб беришга мажбур бўлиши мумкин. Амалдаги 1952-йилги тартибга кўра, агар Дания ҳудудига (шу жумладан Гренландияга) душман бостириб кирса, ҳарбийлар пойтахтдан ёки раҳбарлардан ъурушни бошлаъ деган буйруқни кутиб ўтирмасдан, дарҳол жангни бошлаши шарт

Бошқа Европа давлатлари АҚШ учун ҳарбий операциянинг эҳтимолий баҳосини ошириш мақсадида — агар Дания сўраса — ўз қўшинларини Гренландияга жойлаштириш имкониятини ўйлаб кўришлари керак, дейди ЕИ дипломати. Бу кучлар АҚШ босқинига қарши тура олиши даргумон, лекин улар тийиб турувчи омил вазифасини ўтайди. Бундай ҳолда, Кросбининг фикрича, Америка ҳарбийлари “ёки куч ишлатиш, ёки ортга чекиниш”га мажбур бўладиган вазият юзага келиши мумкин. Экспертларнинг огоҳлантиришича, бу режа АҚШни тўхтатиши мумкин, лекин агар у иш бермаса, ҳақиқий уруш бошланади ва кўплаб аскарлар ҳалок бўлади. Бу — жуда хавфли ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган йўлдир.

 

Teglar

Mavzuga oid