Уй олмоқчи бўлганлар учун янги хизмат ишга тушди
Хизмат орқали қурилаётган уйнинг рухсатномаси ва экспертиза хулосасини кўриш, бино қачон фойдаланишга топширилишини билиш мумкин. Шунингдек, у қуриб битказилган бинолар ва 30 дан ортиқ йўналишдаги объектлар ҳақида маълумот ҳам беради.
© Statistika qo‘mitasiЯгона интерактив давлат хизматлари порталида қурилиш объектлари ҳақидаги очиқ маълумотларни кўриш хизмати ишга туширилди. Бу ҳақда портал ахборот хизмати маълум қилди. У кўп қаватли уйлар, якка тартибдаги уй-жойлар, маданият, санъат ва туризм объектлари ҳақида маълумотларни қамраб олади.
Порталда объектнинг номи, манзили, тоифаси ва фойдаланишга топшириш муддати кўрсатилади. Уй харидорлари бинонинг неча қаватли экани, унда нечта хонадон бўлиши, умумий майдони ва лойиҳа қийматини ҳам билиб олиши мумкин. Шунингдек, қурилишга буюртма берган, лойиҳани тайёрлаган ва қурилиш ишларини олиб бораётган ташкилотлар ҳақида маълумот берилади.
Портал орқали қуйидаги ҳужжатларни юклаб олиш мумкин:
Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши хулосаси;
Экспертиза хулосаси;
Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун берилган рухсатнома.
Хизмат айниқса қурилиш тугамасидан туриб хонадон учун пул тўлайдиган харидорларга қўл келади. Улар тўлов қилишдан олдин қурилишга ким масъул экани, ишларни бошлашга рухсат берилгани ва уй қачон топширилиши режалаштирилганини текшира олади.
Хизматдан мазкур ҳавола орқали фойдаланиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз,аввалроқ хонадон учун тўланган пулни банкдаги эскроу ҳисобварағида сақлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Сенатга юборилганди. Лойиҳага кўра, қурувчи бу маблағни уй фойдаланишга топширилгач олиши мумкин бўлади.




