Logo

Евроосиё тараққиёт банки 2027-йилда Ўзбекистонга 500 млн доллар инвестиция киритмоқчи

Bugun 12:313 daqiqa

Ҳозирда банк мамлакатда амалга оширилиши мумкин бўлган 10 та лойиҳани ўрганмоқда. Уларга киритилиши мумкин бўлган инвестицияларнинг умумий қиймати 1 млрд доллардан ошиши кутилмоқда. Май ойида банк иқтисодиётнинг устувор тармоқларига йилига камида 500 млн доллар миқдорида инвестиция киритишни режалаштираётгани, бунинг учун қиймати 2-3 млрд доллар бўлган лойиҳа портфели қўллаб-қувватланишини айтганди.

Евроосиё тараққиёт банки 2027-йилда Ўзбекистонга 500 млн доллар инвестиция киритмоқчи © EDB

Евроосиё тараққиёт банки 2027-йилда Ўзбекистондаги лойиҳаларга камида 500 миллион доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда. 2031-йилга бориб эса банкнинг мамлакатга киритган жами инвестициялари 3 миллиард долларга етиши мумкин. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев маълум қилди.

Ушбу режалар банк бошқаруви раиси Николай Подгузов ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Томонлар инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари ва банкнинг 2027–2031-йилларга мўлжалланган Ўзбекистон бўйича стратегиясини ҳам кўриб чиқди.

Николай Подгузовнинг айтишича, ҳозирда банк Ўзбекистонда амалга оширилиши мумкин бўлган 10 та лойиҳани ўрганмоқда. Уларга киритилиши мумкин бўлган инвестицияларнинг умумий қиймати 1 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

«Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банки учун инвестиция киритишдаги асосий йўналишлардан биридир. 2027 йилда мамлакатдаги лойиҳаларга камида 500 миллион доллар инвестиция киритишни режалаштирганмиз. Ҳозирда умумий қиймати 1 миллиард доллардан ошиши мумкин бўлган 10 та истиқболли лойиҳани кўриб чиқмоқдамиз. Давлат қарзини бевосита оширмасдан хусусий ва халқаро капитални жалб қилиш учун давлат кафолатисиз молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш мумкин», — деди банк бошқаруви раиси.

Учрашувда келгусидаги ҳамкорликнинг бешта асосий йўналиши белгилаб олинди. Улар қаторига транспорт-логистика инфратузилмаси, сув ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, саноат ҳамда ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик киради.

Шунингдек, рақамлаштириш ва молиявий имкониятларни кенгайтириш ҳам устувор вазифалар сифатида белгиланди. Молиявий ҳамкорлик йўналиши кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, экспортни молиялаштириш, экологик тоза лойиҳалар ҳамда исломий молияни ривожлантиришни назарда тутади. Томонлар давлат корхоналари ва хусусий инвесторлар билан ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Хусусан, лойиҳаларни алоҳида молиялаштириш ва бир нечта банк биргаликда кредит ажратадиган синдикатлашган кредитлаш усулидан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон 2025-йилда Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлган. Аъзолик натижасида мамлакат банк акциядорлари орасида капиталдаги 10 фоизлик улуши билан учинчи ўринни эгаллади. 2026-йилнинг май ойида банк Тошкентда ўз ваколатхонасини очди ва Ўзбекистонда фаолиятини бошлади. Ўшанда банк раҳбари мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқларига йилига камида 500 миллион доллар миқдорида инвестиция киритишни режалаштираётгани, бунинг учун қиймати 2-3 миллиард доллар бўлган лойиҳа портфели қўллаб-қувватланишини айтганди.

Евроосиё тараққиёт банки Евросиё ҳудудида фаолият юритувчи халқаро тараққиёт банки ҳисобланади. У 20 йилдан буён аъзо мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва уларнинг ривожланишига кўмаклашиб келмоқда. 2026-йилнинг июн ойи охиридаги маълумотларга кўра, банкнинг умумий лойиҳалар портфели 348 та лойиҳани қамраб олган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 22,1 миллиард долларни ташкил этган.

Инвестицияларнинг асосий қисми транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик каби соҳаларда бир нечта мамлакат учун фойда келтирадиган лойиҳаларга йўналтирилган. Банк ўз фаолиятида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва ESG тамойилларига амал қилади.

Эслатиб ўтамиз, Евроосиё тараққиёт банки Марказий Осиё учун тўғридан-тўғри инвестициялар фондини ташкил этмоқчи.

Жаҳон банки Самарқандда тиббиётни ривожлантириш учун 100 млн доллар ажратганди. Қолаверса, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда турли соҳаларни ривожлантириш учун бир қатор кредитлар ажратиши ҳақида хабар берилганди. Жумладан, банк яримўтказгич саноатини ривожлантириш учун 50 минг доллар, электр тақсимлаш тизимини модернизация қилиш учун эса 200 млн доллар кредит ажратади. Электр тармоқларини янгилаш дастурига Жаҳон банки ҳам 100 млн доллар йўналтиришни режалаштирган.

Шунингдек, ОТБ Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун 60 млн доллар имтиёзли кредит ажратади. Лойиҳа беш ҳудуддаги қарийб 29 мингта фермер хўжалигини қамраб олади. Унга қўшимча равишда 8 млн доллар грант ҳам жалб қилинади.

Teglar

Mavzuga oid