add

Ҳайдовчилар «права» учун қайтадан имтиҳон топшириши ҳақидаги хабарлар рад этилди

10.01.2026 | 15:121 daqiqa

Ижтимоий тармоқларда тарқалган «права»си борларга ҳам бепул ва мажбурий қайта имтиҳон бўлиши ҳақидаги маълумотлар асоссиз экани маълум қилинди.

Ҳайдовчилар «права» учун қайтадан имтиҳон топшириши ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда 2021 йилга қадар миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олган фуқаролар янги имтиҳон марказларида график асосида мажбурий тартибда, бепул қайта имтиҳондан ўтказилиши ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, маълум қилди ЙҲХХ. Мазкур маълумотлар ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмаслиги расман таъкидланди.

Қайд этилишича, айни пайтда амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ҳайдовчиларни оммавий равишда қайта имтиҳондан ўтказишни назарда тутувчи ҳеч қандай қарор ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган. Шу боис бундай хабарлар фуқаролар ўртасида асоссиз хавотир ва тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидланишича, миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари белгиланган тартибда ўз кучида қолади ва уларни алмаштириш ёки қайта имтиҳондан ўтиш фақат қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади. Ижтимоий тармоқларда тилга олинаётган «график асосида мажбурий қайта имтиҳон» амалиёти амалда мавжуд эмас.

Шунингдек, фуқаролардан текширилмаган ва расмий манбалар билан тасдиқланмаган маълумотларга ишонмаслик сўралди. Бундай хабарлар жамоатчиликни чалғитиши, турли миш-мишлар тарқалишига олиб келиши мумкинлиги қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid