
Соловёв Россия Украинадаги каби Марказий Осиёда ҳам уруш бошлаши кераклигини айтди
Унинг фикрича, Россия ўзининг таъсир доираси деб биладиган ҳудудларда, хусусан Марказий Осиё минтақасида «махсус ҳарбий операция» ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Россия нафақат Украинада, балки бошқа собиқ совет мамлакатларида ҳам «махсус ҳарбий операция» ўтказиши мумкин. Бу ҳақда россиялик телебошловчи ва тарғиботчи Владимир Соловёв ўзининг муаллифлик кўрсатувида Москванинг ташқи сиёсий манфаатлари ҳақида гапира туриб сўз очди.
У халқаро ҳуқуқ нормаларини инкор этган ҳолда қўшни давлатларга нисбатан ҳарбий куч ишлатиш ғоясини илгари сурди. Унинг аҳмоқона фикрича, Россия ўзининг таъсир доираси деб биладиган ҳудудларда, хусусан Марказий Осиё минтақасида «махсус ҳарбий операция» ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
«Арманистондан айрилиш — бу биз учун стратегик инқироздир. «Бизнинг Осиё», яъни улар Марказий Осиё деб атайдиган минтақадаги муаммолар эса Россия учун ҳалокатли хавф туғдириши мумкин. Биз ниҳоят мақсад ва вазифаларимизни кескин ва аниқ белгилаб олишимиз шарт. Шуни очиқ айтиш керакки: ўйинлар тугади. Халқаро ҳуқуқ ва сохта тартиб-қоидаларга қарашнинг ҳожати йўқ. Агар миллий хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш учун Украинада махсус ҳарбий операция бошлашга мажбур бўлган бўлсак, нима учун айнан шу мантиқ билан таъсир доирамизнинг бошқа стратегик нуқталарида ҳам худди шундай ҳаракатларни амалга ошира олмаймиз?» — деди у.
Соловёв ўзининг агрессив риторикаси ва жамоатчилик фикрини манипуляция қилиши билан танилган бўлиб, унинг чиқишлари бир неча бор халқаро миқёсда қораланган. Унинг бу галги баёноти ҳам Россиянинг қўшни давлатлар билан муносабатларида куч ишлатиш сиёсати устувор бўлиб қолаётганидан далолат беради.
Соловёв ким?
У — Россиянинг энг агрессив пропаганистларидан бири: доим кескин, ҳақоратли ва провокацион услубда гапиради. Унинг чиқишлари кўп марта Арманистонда тақиқланган, Европа ва Украинада қораланган. Бу унинг одатий «шоу»си — Кремлнинг расмий позицияси эмас, лекин кўпчилик уни Кремлнинг «овози» деб билади.





